Жамият | 15:40 / 01.04.2024
30510
6 дақиқада ўқилади

“Ўғилларимдан умидим катта”: Икки фарзанди президент мактабида ўқиётган новвой  

Боғдод тумани Самарқанд қишлоғида оддий оиланинг икки фарзанди Фарғона шаҳридаги президент мактабига ўқишга кирган. Даромади новвойчиликдан бўлган ота-она фарзандлари камоли учун тинмай меҳнат қилади. “Иморат қурмасак-да, бор маблағимизни ўғилларимизнинг билим олиши учун сарфлаяпмиз, улар новвойхонада қийинчиликни ҳис қилиб улғайишди”, дейди ота.

 

Энг яхшиси фарзанд учун қилинган сармоя

“Катта ўғлим Ихтиёржон ва ўртанча ўғлим Исломжон Фарғона шаҳридаги президент мактабида ўқийди. Бундан жуда хурсандмиз, бахтли ота-оналармиз. Президент мактаблари биринчи марта очилганида тошкентлик боланинг интервюсини кўриб ҳавас қилгандим. Шундан кейин Фарғонада ҳам очилиб қолади деб ҳаракатни бошладик, ўғилларим тайёргарлик кўра бошлашди.

Муҳайёхон Ҳошимова, онаси

Имтиҳон пайтида ўғилларимиздан кўра биз кўпроқ ҳаяжонландик. Ҳолатни таърифлаб бериш қийин. Чунки оддий новвойнинг фарзандлари ҳам ана шундай мактабда ўқий олишига ишонмагандик. Ҳар икки ўғлимнинг ҳам президент мактабига кириши ҳаяжонли бўлган. Қўшниларимизгача фарзандларимиз ҳаққига дуо қилиб туришди.

Болалар ёшлиги қийинчиликлар билан ўтди. Олтиариқда ишлардик, болаларни эса Боғдоддаги мактабга берганмиз, бувисиникида туришарди. Тезроқ уй-жой қилиб, болалар ёнига борайлик, деб новвойхонада тиним билмай ишлардик. Ихтиёр ўғлим 2-синф бўлганида кўчиб келдик.

Болаларимиз ҳали мактабга чиқмасидан аввал новвойхонада яшардик, ўша ерда бир хона уй бўларди, ўртасига мато билан бўлиб, бир томонида нон ёпардик, бир томонида яшардик. Лекин шунда ҳам болалар ўқишига эътиборни сусайтирмадик, дарс қилдирдик, мактабга чиқмасидан ўқишларни ўрганиб олишганди. Ўзига ишончини орттириш учун спорт тўгарагига ҳам бердик. Энди эса икки ўғлим президент мактабида ўқишади. Болаларим қийинчиликларни ҳис қилиб катта бўлгани учун ҳали шундай яхши уйлар қиламиз, чет элларга саёҳат қилдирамиз, дейишади”. 

Ўғилларимни новвойхона “улғайтирди”

“Фарзандларим новвойхонада катта бўлган, деса ҳам бўлади. Ишни ҳам қилдик, болаларни ҳам ўқитдик. Шу бир хонали новвойхонада оилавий яшардик. Имкон қадар болаларни ўқишга қизиқтиришга уринганмиз, китоблар совға қилардик.

Иқболжон Ҳошимов, отаси

Астойдил ишлардик, ўзи новвойнинг уйқуси бўлмайди. Шу болалар учун ишлаганмиз. Ўқишга қизиқтира олдик, мактабга чиққандан кейин ҳам яхши баҳоларга ўқий бошлашди.

Президент мактабига қабул қилинганини билган пайтимиз ҳам нон ёпаётгандик, кечқурун эди. Ҳеч ўзимиз ҳам ишонгимиз келмади. Энди бу ёғига чет элларда ўқиб келиб, Ўзбекистон ривожига ҳисса қўша оладиган инсон бўлишларини орзу қиламиз. Юртнинг корига яраса, биз шундан қувонамиз.

Шундай кунлар бўлган, нимагадир пул етмай қоларди. Лекин Худодан сўрардим, етказарди, ҳайрон қоласан киши. Йўқчилик бўлса, болаларга сездирмасликка ҳаракат қиламиз. Биринчи навбатда уларнинг эҳтиёжига ишлатамиз, кейин эса бошқа нарсаларга. Бахтиёр отаман. Ўғилларимдан умидимиз катта.

Ота-онамиздан қарзимиз кўп

“Биринчи марта президент мактаби ҳақида эшитганимда имтиҳондан ўта олишимга унчалик ҳам ишонмаганман. Лекин имтиҳон яқинлашган сари ўзимга ишончим ортган, бу нарса жуда муҳим имтиҳонларда.

Ихтиёржон Ҳакимжонов, тўнғич ўғил

Отам Олтиариқда новвойчилик қиларди, ишлари оғир бўлса ҳам бизни яхши тарбиялашга эътибор берган, онам ўқишимизни доимий назорат қилиб турарди. Оиламиз билан новвойхонада яшаган вақтимизда енгил ишларда отамга ёрдам берардик.

Имтиҳонгача 3 ой тайёрланганман. Рақобат кучли эди, лекин ота-онам, устозларим қўллови билан ўзимга ишониб, имтиҳонни яхши топширганман. Бу мактабда ўқишни бошлаганимдан кейин шуни тушундимки, ҳар бир қилаётган ишим ўзимга фойда ёки зарар бўлади. Бу нарсани онам кўп уқтирарди, лекин энди тушуниб етдим буни.

Ота-онам ўзлари ўқимаган бўлсалар-да, бизнинг таълим олишимиз учун имкон қадар ҳаракат қилишди. Ҳозирда 7-синфда ўқияпман. Лекин аллақачон халқаро дипломатия соҳасида кетишни режалаштириб қўйганман. Келажакда Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан алоқаларини яхшилаш, экспорт ва импорт салоҳиятини оширишга ҳисса қўшмоқчиман”.

Йўқчиликни биздан яширишарди...

“Президент мактабида ўқишимизга биринчи навбатда ота-онамиз сабабчи. Отам моддий томондан таъминлаган бўлса, онам дарс қилишимизни, бошқа томонларни назорат қиларди. Отам оддий новвой бўлсалар ҳам, моддий томондан барча шароитларни қилиб берган.

Исломжон Ҳакимжонов

Акам бу мактабга киргач, мен ҳам қизиқиб қолдим. Фарғонадаги ўқув марказига келиб тайёргарлик кўра бошладим, масофа узоқ бўлгани учун Қўқонда ўқишни давом эттирдим. Ҳозирда акам еттинчи, мен бешинчи синфда ўқийман.

Тайёрланиб юрганимда ўқув марказининг пулини тўлолмай қолиб, ота-онамнинг қарз олган пайтлари бўлди, лекин буни бизга билдирмасликка ҳаракат қилишган. Рақобат кучли бўлгани учун киролмасам керак деб ўйлардим, лекин ота-онам доим руҳлантириб туришган. Фарғона шаҳридаги ўқув марказида дарсда ўтирганимда совуқда онам мени ташқарида кутиб турарди. Бу дамлар ҳеч қачон эсимдан чиқмайди.

Келажакда ота-онамизнинг бизга қилган яхшиликларини, албатта, қайтарамиз. Чет элларда ўқиб, ота-онамизга, юртимизга фойдамиз тегадиган инсон бўламиз”.

Сарвар Зиёев

Мавзуга оид