Ўзбекистон | 13:21 / 23.08.2022
27347
9 дақиқада ўқилади

Имом Бухорий яшаган жой бўйича тахминлар бор. Янги манзилгоҳ бўйича нега қидирув ишлари олиб борилмаяпти?

Имом ал-Бухорий Бухоронинг айнан қаерида яшагани ҳанузгача номаълум. Kun.uz Бухорий яшаган жой бўйича тарихчилар билан суҳбатлашиб, тахминлар ҳақида сўради. Соҳа вакиллари манзилгоҳни топишда ташаббус кўрсатса, бу – Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириши мумкин.

Фото: Kun.uz

Ҳадисшуносликнинг отаси ҳисобланган Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ислом оламида энг кўп эъзозланадиган кишилардан бири. Бироқ негадир унинг туғилган жойи ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Kun.uz тарихчи ва археологлар билан суҳбатлашиб, муҳаддис яшаган жой деб тахмин қилинадиган ҳудудлар борлигини аниқлади.

Имом ал-Бухорий ҳақида қисқача

Бутун ислом дунёсидаги энг муҳим манбалари деб тан олинган олтита ишончли ҳадислар тўпламининг энг асосийси “Саҳиҳул Бухорий” (Ишончли ҳадислар тўплами) ҳисобланади. Унинг муаллифи Имом Бухорий ҳадисшуносликнинг энг юқори чўққисига чиққан милодий 9-асрда яшаб ўтган 6 муҳаддис ичидан “Ҳадис илмида амир ал-мўминийн” деган шарафли номга сазовор бўлган.

Унинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муғийра ибн Бардазбеҳ ал-Жуафий ал-Бухорий бўлиб, у ҳижрий ҳисобда 194 йил шаввол ойининг 13-куни (810 йил 20 июл)да Бухоро шаҳрида таваллуд топган.

Бухорий зеҳни ўткирлиги ва ёдлаш қобилиятининг кучлилиги билан ҳам халқ орасида ғоят шуҳрат қозонган. Манбаларда ал-Бухорийнинг 600 мингга яқин ҳадисни ёд билгани қайд қилинган. “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” асари “Саҳийҳ ал-Бухорий” номи билан ҳам машҳур. Унинг ғоят аҳамиятли томони шундаки, Имом ал-Бухорийгача ўтган муҳаддислар ўз тўпламларига эшитган барча ҳадисларини танлаб ўтирмай қаторасига киритаверганлар. Имом ал-Бухорий эса турли ровийлардан эшитган ҳадисларни табақаларга бўлиб, уларнинг ишончлиларини ажратиб, алоҳида китоб яратди.

Бухорий 870 йил 1 сентябрда Самарқанднинг Хартанг қишлоғида вафот этади. Муҳаддис мақбараси атрофи зиёратгоҳ-мажмуа ҳисобланади.

Бухорий яшаган ҳудуд ҳақида тахминлар

Муҳаддиснинг биографиясида унинг 810 йил Бухорода туғилгани айтилган холос. Kun.uz суҳбатдош бўлган тарихчилар Бухорий туғилган жой ҳақида бир нечта тахминни келтиришди.

Тарих тадқиқодчиси, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг Бухоро бўлими аъзоси, ЮНЕСКОнинг тарихий обидалар ва маданий ёдгорликлари бўйича кузатувчиси Комил Икромовнинг айтишича, Имом ал-Бухорий туғилган жой ҳозирги кунда Бухоро шаҳрида жойлашган Хўжа Зайниддин ҳовузи деб аталадиган ҳудуд бўлиши мумкин. Бу ҳовуз 16-асрда Абдуллахон даврига келиб қурилган.

Шу ўринда табиий савол туғилади. Имом Бухорийнинг уйи шу пайтгача сақланиб қолмаганига қандай сабаб бўлган?

Комил Икромовнинг айтишича, Бухорий ислом оламида катта мавқега эга бўлгани сабаб аста-секин бутун дунёнинг турли ҳудудларидан одамлар Бухорога Бухорийни зиёрат қилиш учун келган.

“Менинг тахминимча, зиёратчилар худога сиғинишни бир четга суриб, одамга ёки уйларга, Бухорий кириб чиққан эшикларга сиғина бошлашган бўлишлари мумкин, бу ҳудуд одамлар сиғиниш даражасига олиб бормасликлари учун ҳовузга айлантирилган. Кўпчилик сайёҳлар Бухорога келишганда мендан Бухорийнинг қабрини ва унинг уйини сўрашади. Қабрининг Самарқанддалигини айтаман-у, туғилган уйи ва яшаган ҳовлиси ҳақида бир аниқ жавоб беролмайман. Ҳозирги кунда Хўжа Зайниддин ҳовузи ҳудуди атрофи зич одамлар яшайдиган ҳовлилардан иборат”, – дейди Комил Икромов.

Яна бир тахмин Бухоро шаҳридаги Ғозиён мажмуаси жонлашган ер ҳисобланади. Бу тахминни физика-математика фанлари доктори, АҚШ Яҳудийлар генеологияси илмий-текшириш институти профессори, тарихчи олим Қурбонов Саиджон Ғуломович илгари сурмоқда.

“7-8-асрларда Бухоронинг Пойкент ҳудудларида араблар истилоси бошланиб, катта жанглар бўлиб ўтади. Аниқ манбаларга асосан, буюк Бухорий туғиладиган оила Пойкент шаҳрида яшаган. Араблар босқини сабаб бошқа пойкентликлар қатори Бухорий оиласи ҳам Пойкентни тарк этган ва Бухоронинг 16-асридан то ҳозирги кунгача Ғозиён деб аталадиган ҳудудига кўчиб келган. Имом ал-Бухорийнинг туғилишидан олдин , бу ҳудуд пойкантилар зич жойлашган маҳаллалардан иборат бўлган. Уларнинг асосий яшаш жойи ҳам шу ҳудудлар бўлиши керак”, – дейди профессор Саиджон Ғуломович.

Яна бир тахминга кўра, тилга олинаётган манзил Бухоро вилояти Яккатут темирйўл станциясида жойлашган.

“Бухорий яшаган жой Бойкент деб номланган шаҳар бўлган жой – ҳозир бу шаҳар йўқ бўлиб кетган – Бухоронинг жануби ғарбида 60 километр узоқликда бўлиши мумкин. Мен у жойни ўзим бориб кўрмаганман. Қўлимдаги манбалар асосида айтяпман”, – дейди Имом ал-Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими Нодир Қобилов.

Қайси тахмин ҳақиқатга яқин?

Комил Икромовнинг айтишича, Бухорий туғилган жой деб тахмин қилинадиган Ғозиён ҳудуди Бухоро шаҳрининг 4-босқич қурилишида қурилган. Илм одамлари бой бўлмаса ҳам ўзига тўқ бўлгани сабаб улар марказроқда яшашга ҳаракат қилишган. Ғозиён эса ўша давр учун шаҳарнинг чекка ҳудуди бўлган.

“Хўжа Зайниддин ҳовузи жойлашган маҳалла асосан зиёлилар тўпланадиган, яшайдиган жой бўлган. Кўп даҳолар шу ерда туғилган, яшаган. Бухорий ҳам шу жойда туғилган бўлиши керак. Хўжа Зайниддиннинг Имом ал-Бухорий билан қариндошлик ришталари бор ё йўқлиги ҳақида менда бирор манба йўқ. У суфизмнинг Нақшбандия оқими шайхларидан бири бўлган”, – дейди у.

Имом ал-Бухорий Хўжа Абу Ҳафс Кабирнинг шогирдларидан бўлган. Иккаласи ҳам қарийб бир замонда яшаган. Абу Ҳафс Кабир (Ҳожатбарор) 767 йилда туғилиб, 832 йилда Бухоронинг ҳозирги Ҳазрати Имом қабристони ҳудудида дафн қилинган. Бу пайтда Бухорий 22 ёшда бўлган.

Нима қилиш керак?

Маданий мерос агентлиги матбуот хизматининг маълумот беришича, янги объектларни қидириб топиш Фанлар академияси вазифасига киради, молиявий томонини улар ҳал қилади.

“Янги объектларни топиш ва ўрганиш билан Маданий мерос агентлигининг ҳудудий бошқармалари шуғулланади, фақат бу учун олимларнинг ёки тегишли ташкилотларнинг илмий асосланган хулосаси керак. Маълумот асосли бўлса, яъни Маданий мерос агентлигининг Илмий эксперт кенгаши объект ростанам тарихий амиятга эгами йўқми шунга баҳо беради ва Маданий мерос агентлиги бориб, ўрганиб, давлат ҳимоясига олади. Бунинг учун объект жойлашгани тахмин қилинган маҳаллий ҳокимлик ёки ҳудудий маданий мерос бошқармасига ёзма равишда ва илмий асосланган далилларни келтирган ҳолда мурожаат қилиш керак", – деди агентлик расмийси Kun.uz'га.

Фанлар академияси Миллий археология маркази директори Фарҳод Мақсудовга мурожаат қилганимизда академия моддий манбаларни тадқиқ қилишини айтди.

“Имом ал-Бухорий яшаган жой ёзма манбалар асосида тадқиқ қилиниши керак. Ёзма манба асосида ишлайдиган ташкилот бизда Шарқшунослик институти ҳисобланади. Мен археолог сифатида суягини очиб беришим мумкин. Археология институтининг вазифаси ундан иборат эмас”, – дейди у.

Бухорий яшаган ҳудудни аниқлаш бўйича бирор лойиҳа бор-йўқлигини билиш учун Бухоро вилояти ҳокимлигига чиққанимизда, ҳокимликда бу йўналишда бирор янгилик йўқлигини маълум қилишди.

“Ҳокимликда айнан тадқиқот олиб бориладиган бўлимлар ҳам йўқ. Балки Туризм вазирлиги ташаббус кўрсатиб, қўллаб-қувватласа, ҳокимлик ҳам қўлдан келганча ёрдам беради. Чунки бу тарих тикланса, ҳам фахр биз учун”, – деди Бухоро вилояти Диний котибият мудири Ғолиб Баротов.

Бухорий яшаган жойни топишдан Ўзбекистон қандай манфаатдор?

Аввало, Бухорий ҳақида аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган давлатларда кўп гапирилади, илми ўрганилади. Уларнинг Бухорийга қизиқиши юқори.

Охирги 5 йиллик статистикани оладиган бўлсак, 17,3 миллион сайёҳ Ўзбекистонга ташриф буюрган. Шуларнинг асосий қисми – 14,8 миллиони қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан келганлар ҳисобланади. Араб давлатлари Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Қатар, Кувайт каби давлатлардан эса жами 13 мингга яқин, Малайзиядан қарийб 9 минг, Туркиядан 202 минг сайёҳ ташриф буюрган.

Ўзбекистонга асосий ташриф буюрувчи бўлган қўшни давлатлар аҳолисининг аксари мусулмон экани, жумладан Туркия аҳолисининг ҳам асосий қисми мусулмон экани инобатга олинса, Ўзбекистон ислом оламида эъзозланадиган шахслар қадамжоларини топишдан манфаатдор. Комил Икромовнинг гапига таянадиган бўлсак, мусулмон юртлардан келган сайёҳларнинг аксари Бухорий яшаган жойни кўриш, у ҳақда кўпроқ билишни истайди.

Ўзбекистон энг кўпи билан 2019 йилда 8 миллион хорижлик сайёҳ жалб қилган бўлса, ўша йили Туркия 52 миллионга яқин чет эллик сайёҳларни қабул қилган. Ва ҳозир дунёдаги олтинчи энг машҳур сайёҳлик йўналиши ҳисобланади. Ўзбекистон ҳам давлатчилик, тарихий сайёҳлик масканлари бўйича Туркиядан қолишмайди.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист

Мавзуга оид