Жамият | 16:43 / 07.10.2024
13521
6 дақиқада ўқилади

Бир мактабга бахшида умр: 60 йилдан буён ишлаб келаётган пайариқлик ўқитувчи

Ўқитувчилик — шарафли касб. Ушбу касбга меҳр қўйиб, узоқ йиллардан буён битта даргоҳда сабот билан ишлаб келаётган устозларимиз ҳам кўп.

Ана шундай кекса ўқитувчилардан бири — Людмила Николаевна Шулга Пайариқ туманидаги 6-мактабда меҳнат фаолиятини бошлаганига 60 йил тўлди. Шу заминда туғилиб ўсган Людмила Николаевна ўзи ўқиган мактабда 1964 йилда тарих фани ўқитувчиси бўлиб ишга киради ва 60 йилдан буён болаларга билим бериб келмоқда.

Людмила Николаевна 2 октябрда туғилган. У бугун 78 ёшни тўлдирди. «Ўқитувчилик асли менинг тақдиримда бўлган», дейди у.

«Ота-онам Пайариқ туманига (ўша вақтларда Фёдоровка деб аталган) 1928 йилда кўчиб келишган ва шу ерда яшаб қолишган. Оиламизда 5 та фарзанд бўлган, барчамиз шу ерда туғилганмиз. Мен ҳам. 1946 йилнинг 2 октябрида. Туғилганимданоқ менинг ўқитувчи бўлишим тақдиримда ёзилган деб ўйлайман.

Мен шу 6-мактабни тугатганман, шу ерда ўқиганман. Мактабни тугатганимдан сўнг техникумга ўқишга кирдим. Ўқий туриб, ишлай бошладим. 18 ёшимда шу мактабда бошланғич синф ўқитувчиси сифатида иш бошлаганман.

1973 йилда Самарқанд давлат университетининг тарих факултетига ўқишга кирдим. Учинчи курсга ўтган пайтимда менга шу мактабда тарихдан дарс соатлари беришди. Тарих ўқитувчиси бўлдим», — деди биз билан суҳбатда Людмила Шулга.

У дарс бериш билан бирга қатор йиллар шу мактабда директорлик қилган. Мактабни ободонлаштиришда, кенгайтиришда ҳисса қўшган.

«1986 йилгача тарих ўқитувчиси бўлиб ишладим. 1986 йилда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари этиб тайинландим. Уч йилдан сўнг, 1989 йилда мен мактабга директор бўлдим ва 2012 йилгача директор бўлиб ишладим. Сўнгра пенсияга чиқдим.

Лекин уйда ўтира олмадим. Мактабга қайтиб, ўз фанимдан дас бера бошладим. Мен ўз фанимни жуда яхши кўраман, бу касбни ўзим қалбдан хоҳлаб танлаганман. Шу сабаблимикан, бу менга куч-қувват бағишлайди. Мен болаларнинг юрагига ўз ватани тарихига муҳаббат туйғусини жойлашга, уларни ватанпарвар қилиб тарбиялашга ҳаракат қиламан. Чунки мамлакатимиз келажаги кўп жиҳатдан шунга боғлиқ», — дейди кекса педагог.

Унинг раҳбарлиги остида мактаб жуда кўп марта вилоятда, ҳатто республикада энг илғор мактаблар сафида бўлади.

«Директор бўлиб ишлаганимда ишлаш осон эмасди. Чунки мен директорликни 1989 йилда бошладим. У пайтлар республикамиз энди оёққа туриб, мустақил бўлаётган пайтлар эди. Айниқса дастлабки йиллар жуда қийин бўлган. Шунинг учун мактаб директори фақат таълим учун жавобгар бўлмаган. Зиммамизда қишлоқ хўжалиги ишларига қарашиш ҳам бор эди. Йигит-қизларимиз билан далаларда ҳам ишлаганмиз.

Албатта, ҳозирги кунларга умуман солиштириб бўлмайди. Ҳозир ўқитувчилар, директорнинг олдига битта-ю битта вазифа қўйилган: болаларга халқаро стандартларга жавоб бера оладиган таълим бериш. Ҳозиргиларда вазифа битта. Бизда иккита эди. Ёш давлатимизга ёрдам беришимиз зарур эди. Биз ҳар икки вазифани ҳам муваффақиятли уддалаганмиз», — дейди Людмила Шулга.

Албатта, унинг меҳнатлари бесамар кетмаган. Фидокорона меҳнатлари учун «Дўстлик» ордени ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими унвонлари билан тақдирланган.

«Мен директор бўлиб ишлаб турган 2001 йилда мактабимиз вилоят танловида йил мактаби деб топилди. Республика танловида қатнашдик, мактабимиз республикага ҳам машҳур бўлди. Мана шундай кичикроқ туман мактаби Самарқанд вилояти мактаблари ўртасида биринчиликни қўлга киритди. Мактабдаги ишимиз, мактаб жамоасининг ютуқлари давлатимизга мени мукофотлаш учун асос бўлган бўлса керак. Биринчи мукофотни мен 1996 йилда олганман. «Дўстлик» ордени билан тақдирландим. Бу юксак мукофот менга қўшимча рағбат, ғайрат берди ва 2007 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими унвони билан тақдирландим.

Ҳар икки президент билан шахсан кўришганман. Биринчи президентимиз Ислом Каримовни икки марта саройда кўрганман ва «Дўстлик» орденини айнан у кишининг қўлидан қабул қилиб олганман.

Иккинчи президентимизни эса янада яқинроқ биламан. Нега? Чунки у вилоятимизда ҳоким бўлиб ишлаган, туманимизга кўп келарди, нафақат туманимизга, мактабимизда ҳам бир неча бор меҳмон бўлган. У мактабимизнинг жойлашишини жуда яхши билади. Синфхоналаримиз етишмаётганини ўз кўзи билан кўргач, ёнимиздаги ҳарбий комиссариат бошқа жойга кўчиб ўтганидан сўнг, улардан қолган бинони бизга олиб берган. Биз уни мактабга мослаштириб қайта жиҳозлагандик. Шундан сўнг мактабимизда ўқувчилар қамрови сони 2 мингдан ошиб кетганди», — дея фахрланиб сўзлаб берди устоз педагог.

Людмила Николаевна ҳозир ардоқда. Уни ўқувчилар жуда яхши кўришади. Унинг ўғли Олег Шулга ва келини ҳам шу мактабда ўқувчиларга дарс бериб келмоқда. Мактабнинг ўқитувчилар жамоаси ҳам ундан ўрнак олишади.

Людмила Николаевнани ўқитувчилар ва мураббийлар куни арафасида мактаб жамоаси табриклади.

Украин миллатига мансуб бу кекса ўқитувчи ҳали яна қатор йиллар ўзининг бой билим ва тажрибаси билан ўқувчилар ва ёш ўқитувчилар билан бўлишади деган умиддамиз.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид