20:47 / 07.12.2015
14341

ФВВ: Зилзила Андижон, Жиззах, Самарқанд, Фарғона шаҳарларида 4 баллни ташкил этди

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 7 декабрь куни Ўзбекистон ҳудудида сезилган зилзила ҳақида маълумот берди.

“Тошкент” сейсмомаркази хабарига кўра, 7 декабрь куни соат 12:50да зилзила қайд этилди. Унинг эпимаркази Тошкентдан 430 км узоқликда, жануби-шарқий йўналишда Тожикистон Республикаси ҳудудида жойлашди. Ушбу зилзила магнитудаси 7,3 баллга тенг бўлди”, дейилади ФВВ маълумотида.

Ўзбекистон ҳудудида ерости силкиниши Андижон, Жиззах, Самарқанд, Фарғона шаҳарларида 4 балл, Қарши, Наманган, Термизда 3,5 балл, Тошкент, Гулистон, Навоийда 3 баллни ташкил этди.

Республиканинг бошқа ҳудудларида ер қимирлаши сезилмади.

Вайроналар ва қурбонлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.

Top