Жамият | 14:34 / 09.02.2016
4918
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик твиттерчилар #Navoiy575 ҳештегини трендга олиб чиқишди

Бугун, 9 февраль - Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги муносабати билан Твиттернинг ўзбекистонлик  фойдаланувчилари аввалдан келишиб олинганидек виртуал флешмоб-акция ташкил қилишди ва #Navoiy575 ҳештегини трендга олиб чиқишди.

Акция давомида Твиттердан ташқари Фейсбук ҳамда Инстаграм ижтимоий тармоқлари фойдаланувчилари ҳам #Navoiy575 ҳештегини ишлатган ҳолда постлар қолдиришди.

Hashtags.org хизмати маълумотига кўра, твиттерда #Navoiy575 ҳештеги остида акция бошланганидан ўтган бир соат давомида  14 мингга яқин твитлар ёзилган. Кейинги соатларда эса бу миқдор 16 мингтадан ортиқни ташкил қилган.

Навбатдаги акция 14 февраль - Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган. Унда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари #€ŽBoburDay ҳештеги билан пост қолдириш керак бўлади. Акция соат 14:00 да бошланади.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик твиттер фойдаланувчилари бунгача 3 марта – 2012 йили Ўзбекистон Мустақиллигининг 21 йиллиги арафасида #uzb21, 2013 йили Мустақилликнинг 22 йиллиги арафасида #uzb22, 2015 йили эса ФИФА рефериси Равшан Эрматовга бағишланган #IrmatovBest  ҳештегларини жаҳон тренди даражасига кўтарган эди.