07:32 / 14.05.2016
20711

Репортаж: Андижонда “Биз буюк юрт фарзандларимиз” шиори остида ўтказилган ёшлар фестивали якунига етди

Биз Андижонда ўтказилган тадбирлар давомида ёшлар қалбида ўз Ватанига, Мустақиллик ғояларига содиқлик ва собитлик ҳиссини, тинч ва осуда юртда камол топаётганидан юраги ғурур ва ифтихорга тўла эканлигини яна бир бор кашф этдик.       

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан мамлакатимиз миқёсида ташкил этилган шу номли ёшлар фестивалининг Андижон вилоятидаги учинчи куни ҳам кўтаринки руҳда ўтганига гувоҳ бўлдик. Тарғибот гуруҳи вакиллари вилоятнинг Андижон тумани ва Андижон шаҳрида бўлдилар . 

Кунинг биринчи ярмида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Доно Бобохонова, “Ниҳол” мукофоти совриндори Гулзода Худойназарова, актёр Русулхон Қодирхонов, хонанда Ботир Қодиров, мумтоз қўшиқлар ижрочиси Дилмурод Отажоновлардан иборат гуруҳ - модератор Наврўза Яҳёева бошчилигида Андижон шаҳридаги “Саховат уйи” ва касб-ҳунар коллежида учрашувларда бўлди. 

“Нуронийлар эъзозимизда” деб номланган лойиҳа асосида ўтказилган Саховат уйидаги илк учрашув давомида қария ота  ва онахонларнинг дилларида ўчмас қувонч учқунлари порлади десак муболаға бўлмас. Севимли актрисамиз Доно Бобохонованинг чиқишлари олқишлар билан кутиб олинди. Хонанда Дилмурод Отажоновнинг шўҳ хоразмча яллалари эса барчани даврага тортди. Ботир Қодиров муассасадаги кўнгли ярим инсонлар билан бирга қўшиқ айтиб бирга ўйнади. Топиб айтилган сўзда сеҳр бор дейдилар, Наврўза Яҳёеванинг юртимизда самарали олиб борилаётган ислоҳотлар давомида аҳоли турмуш даражасини ошиб бораётганлиги ва мана шундай тинч ва осуда юртда умргузаронлик қилиш бахт эканлиги ҳақида айтган сўзлари йиғилганларнинг олқишларига сабаб бўлди.  

Андижон банк касб-ҳунар коллежи ўқувчилари билан “Оммавий маданият ва ёшлар маънавияти” лойиҳаси асосида ўтказилган тадбирда юртимиз ёшларининг бугунги кунда барча соҳаларда қўлга киритиб келаётган улкан ютуқлари, шу билан бирга, ҳозирги мураккаб замонда ёшларимиз онгини миллий қадриятларимизга ёт бўлган зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишга ҳар биримиз жиддий ёндошишимиз лозимлиги эътироф этилди. Ёш авлод вакиллари таниқли хонандаларнинг шўҳ қўшиқларига рақсга тушиб, она Ватанимизни тараннум этувчи ашулаларга жўр бўлдилар.   
“Соғлом авлод” стадионида йигирма мингга яқин томошабин иштирокидаги бўлиб ўтган якуний гала концерт маҳобатини эса таърифлашга тил ожиз. Андижон ёшлари гала-концерт олдидан таниқли санъаткорлар ва фаол ёшлар жамоалари ўртасидаги  Футбол шоусини тамоша қилишди. Кулгили саҳналар билан йўғрилган тамоша эди, бу.  

Шундан сўнг Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳамда “Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши раиси Баҳодир Ғаниевлар сўзга чиқиб, барчани мана шундай шодиёна билан қутладилар. 
Фестивалда фаол қатнашган ташкилотчилар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.  

Ёшлар симфоник оркестрининг ажойиб ўзбекона оҳанглардан иборат дастури, вилоят иқтидорли спортчи ёшларининг чиқишлари, таниқли, эл суйган санъаткорлар томонидан ижро қилинган куй ва қўшиқлари тадбирни безади.  Бир сўз билан айтганда, ўйингоҳда йиғилган мустақил диёримиз ёшларининг якуний тадбирда ўтган ҳар бир лаҳзаси  қалбларида бир умрга ёдда қолиши аниқ. 
Андижонда “Биз буюк юрт фарзандларимиз” шиори остида бўлиб ўтган ёшлар фестивали мавзусига навбатдаги мақоламизда муфассал тўҳталамиз.

Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон
 

Top