22:47 / 14.05.2016
6290

Венгрия терма жамоаси хоккей бўйича жаҳон чемпионатларидаги 77 йилдаги илк ғалабасига эришди

Венгрия терма жамоаси хоккейчилари Россиянинг Москва ва Санкт-Петербургида бўлиб ўтаётган 2016 йилги жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичида Беларусь жамоасини 5:2 ҳисобида шов-шувли ютдилар. Венгрия 1939 йилдан бери жаҳон чемпионатларидаги илк ғалабасига эришди.  

В гуруҳидан ўрин олган учрашувда Венгрия сафида шайбаларни Герго Надь (6-дақ.), Янош Ваш (11-, 60-дақ.), Балаж Шебок (31-дақ.) ва Вилмош Галло (34-дақ.), беларусларда Жефф Плэтт (13-дақ.) ва Артур Гаврус (27-дақ.) киритдилар.

Венгрлар жаҳон чемпионатларидаги охирги ғалабасига 1939 йил 3 февралда Бельгияга қарши учрашувда эришганди. Ўшанда венгрлар бельгияликларни 8:1 ҳисобида тор-мор этгандилар. Шундан кейин Венгрия 2009 йилдагина жаҳон чемпионатининг финал босқичида иштирок этганди ва барча ўйинларни ютқазганди.  

Венгрлар кейинги учрашувларини 16 майда Германияга қарши ўтказадилар, беларуслар эса 17 майда Франция хоккейчилари билан учрашадилар. 

Чемпионат 6-22 май кунлари бўлиб ўтади.

Top