09:26 / 06.06.2016
9587

Ақтўбеда қурол-аслаҳа дўконларига ҳужум қилган гуруҳнинг 4 нафар аъзоси йўқ қилиниб, 7 нафари қўлга олинди

Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида ўтказилган аксилтеррор амалиётлар натижасида шаҳардаги қурол-аслаҳа дўконлари ва ҳарбий қисмга ҳужум уюштирган гуруҳнинг 4 нафар вакили йўқ қилинган ва 7 нафари қўлга олинган. Бу ҳақда Қозоғистон ИИВ матбуот хизмати раҳбари Алмас Садубаев маълумотига асосланиб, РИА Новости хабар тарқатган.

Ҳужум натижасида, тинч аҳоли вакилларидан 3 киши ҳамда ҳарбийлардан 3 киши ҳалок бўлган.

Tengrinews нашри маълумотига кўра, 5 июнь кунининг иккинчи қисмида Ақтўбенинг 3та туманида отишма рўй берган. Кейинроқ маълум бўлишича, номаълум шахслар иккита туманда қурол-аслаҳа дўконларига, учинчи туманда ҳарбий қисмга ҳужум уюштирган.

Қозоғистон ИИВ маълумотига кўра, "Паллада" дўконига ҳужум қилганлар сотувчини ҳамда қоровулни ўлдиришган, шунингдек 3 полицияга ўқотар қуролдан жароҳат етказишган.

Кўп вақт ўтмасдан "Пантера" дўконида отишма содир этилган. Бу отишма вақтида дўкон мижозларидан бири ҳалок бўлиб, яна бири жароҳатланган. Воқеа жойига етиб келган полиция ходимлари 3 нафар жиноятчини отиб ўлдиришган, яна бир жиноятчи яраланган.

Гуруҳ ҳаракатни давом эттириб, ҳарбий қисмга кирмоқчи бўлган. Бунинг учун улар йўналишдаги автобусни гаровга олишган, йўловчилар ва ҳайдовчини тушириб юборишиб, автобусни ҳарбий қисм дарвозасига олиб бориб уришган. Ҳарбий қисм ҳудудига бостириб кирган тўда бир зобит ва  шартнома асосидаги 2 нафар ҳарбий хизматчини ўлдирган. Отишмалар давомида 6 нафар ҳарбий хизматчи яраланган.

Ҳужум қилганларнинг бири ўлдирилган, бири қўлга олинган.

Тўқнашувлар оқибатида бир неча ўн киши яраланиб, шифохонага ётқизилди. Шифохона вакили камида 20 дан ортиқ кишига тиббий ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилди.

Ақтўбеда жамоат транспорти қатнови ва кўнгилочар тадбирлар бекор қилинди, аҳолига уйдан чиқмаслик тавсия этилди.

Садубаев ҳужумчилар «ноанъанавий диний оқимлар тарафдорлари» эканлигини тахмин қилди.

Шаҳарда аксилтеррор амалиёт тартиби жорий этилган. Амалиёт давомида гуруҳнинг қўлга олинган вакиллари сони 7 нафарни ташкил қилмоқда. Қолганларни қидириш ишлари давом этмоқда.

Қозоғистонда қурол дўкони ва ҳарбий қисмга ҳужум қилинди

Қозоғистон ИИВ Ақтўбедаги жиноий гуруҳ қўлида гаровга олинганлар борлиги ҳақидаги хабарни тасдиқламади

Қуролли тўданинг Ақтўбедаги ҳарбий қисмга ҳужум бошлаши тасвирланган видео пайдо бўлди

Top