Ўзбекистон | 17:49 / 18.06.2016
7090
4 дақиқада ўқилади

Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси икки томонлама муносабатлар ҳақида гапирди

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити арафасида Хитой Халқ Республикасининг (ХХР) Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе Синьхуа ахборот агентлиги мухбирига эксклюзив интервью берди. Унда сўз хитой-ўзбек муносабатлари ҳақида борди. 

Мухбирнинг "Сиз хитой-ўзбек муносабатларини қандай баҳолайсиз? деган саволига элчи Хитой ва Ўзбекистон узоқ йиллар давомида дўстона муносабатларни сақлаб келаётганини таъкидлади.

1992 йилда дипломатик алоқалар йўлга қўйилгандан сўнг турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик даражаси мунтазам равишда ошиб келгани қайд этилди. 2012 йилнинг июнида хитой-ўзбек муносабатлари стратегик ҳамкорлик босқичига кўтарилди. 

Сўнгги йилларда Хитой ва Ўзбекистон давлат раҳбарларининг икки томонлама ҳамда ШҲТ доирасида тез-тез учрашиб туриши кузатилаётгани таъкидланди.

"2015 йилда Хитой ва Ўзбекистон президентлари икки учрашув ва битта телефон мулоқоти ўтказишди. Икки давлат раҳбари ўртасидаги илиқ муносабат ва дўстона алоқалар хитой-ўзбек муносабатларининг мустаҳкамланишига туртки бўлмоқда. Бугунги кунда сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда, шунингдек хавфсизлик борасида сермаҳсул натижаларга эришилди. БМТ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида Пекин ва Тошкент ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари юқори поғоналарга кўтарилмоқда", - деди Сунь Лицзе. 

ХХР раҳбари Си Цзиньпиннинг июнь ойи охиридаги ташрифидан қандай натижалар кутиш мумкинлиги тўғрисидаги саволига элчи қуйидагича жавоб берди: "Ипак йўлида яхши дўст, ака-ука ва ҳамкор бўлиб келган Хитой ва Ўзбекистон халқлари бу ажойиб йўлнинг тарихини биргаликда яратишган. Бугун икки мамлакат гуманитар алоқаларни ривожлантириб ҳамда "Ипак йўлидаги иқтисодий тизим"ни ҳамкорликда қуриш имконидан фойдаланиб, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги иқтисодий алмашинув йўлида саъй-ҳаракат қилишда давом этишмоқда.

ШҲТ саммити доирасида Си Цзиньпин ва Ислом Каримов икки томонлама муносабатларнинг кейинги ривожига ва турли соҳалардаги ҳамкорлигига боғлиқ чуқур фикр алмашишади. Ишончим комилки, бу йилги ташриф Хитой-Ўзбекистон муносабатларидаги янги саҳифани очади", - деб жавоб берди. 

Шунингдек, ХХРнинг давлатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Хитой ва Ўзбекистон табиий ресурслар ва ишлаб чиқариш омиллари соҳасида бир-бирини тўлдириб туришини таъкидлади.

"Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда нефть ва газ, транспорт, телекоммуникация, текстиль, ирригация ва янги энергия манбалари соҳаларида 600дан ортиқ хитой корхоналари фаолият кўрсатмоқда", - деди Сунь Лицзе. 

ШҲТ ва унинг истиқболлари ривожи тўғрисидаги саволга элчи сўнгги 15 йил ичида барча соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари сермаҳсул бўлгани ва хақаро ташкилотнинг янги типдаги модели топилгани ҳамда унинг "катта оилага" айланганини қайд этди. ХХР ШҲТ доирасида барча мамлакатлар билан кўп томонлама ҳамкорлик қилишга катта эътибор қаратиши ҳамда Тошкентдаги саммитнинг муваффақиятли ўтиши учун бошқалар билан тенг ҳаракат қилишга тайёр эканлиги таъкидланди.