14:19 / 20.07.2016
8764

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва Huawei компанияси ўртасида меморандум имзоланди

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ва Huawei (Huawei Tech. Investment Tashkent МЧЖ ҚК) компанияси 2016 йилнинг 20 июль куни ўзаро англашув тўғрисида меморандум имзолашди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистоннинг  иқтидорли ёшларини қўллаб-қувватлашга ҳамда Ўзбекистондаги АКТ соҳасининг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшади. Бу ҳақда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети матбуот хизмати хабар бермоқда.

Huawei’нинг Бош директори жаноб Ван Пэн ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори жаноб Шерзод Шерматов IUT биносида ўтказилган маросимда ўзаро англашув тўғрисида меморандум имзолашди.

Меморандум доирасида Huawei, ахборот-коммуникация технологиялари ва ечимлари соҳасида дунёдаги етакчи компаниялардан бири, ҳар йили Тошкент шаҳридаги Инҳа университети бакалавриатидаги беш нафар иқтидорли талабаларига тўрт академик ўқув йили давомида грантлар ажратади.

Ҳар йили, энг иқтидорли талабаларни Huawei компанияси Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг биринчи босқич талабалари орасидан, кириш имтиҳонидаги натижалар ҳамда инглиз тилидаги иншога асосланиб, танлаб олади. Танловнинг сўнгги босқичида талабалар компания мутахассислари ҳамда IUT ўқитувчиларидан ташкил топган махсус комиссиянинг суҳбатидан ўтишлари лозим бўлади.

Ҳамкорлик доирасида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва Huawei компанияси томонидан университет талабалари учун махсус IT-курсларини ташкил этишни режалаштиришмоқда. Мазкур курсларни ўтказишга дунёнинг етакчи олий таълим муассасалари профессорлари ва компания мутахассислари жалб этилади.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиги IUT талабаларининг Startup лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўлади. Huawei компанияси талабалар томонидан яратилган маҳсум лойиҳалар, дастурий таъминотлар ва ечимларни қўллаб-қувватлашга қизиқишини билдирди. Ушбу ечимлар ва дастурлардан нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда фойдаланиш мумкин бўлади.

Top