12:55 / 20.09.2016
27659

Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон қиличбозлик федерациясига янги раҳбар бўлди

19 сентябрь куни Миллий Олимпия қўмитасида Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди. Уни Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Мурод Алиев олиб борди. Конференция йиғилишида Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раҳбарлари, мураббийлар ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар федерацияси раҳбарлари иштирок этишди

Кун тартибидаги масалалар бўйича Мурод Алиев маълумот берди. У ўз сўзида Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси томонидан 2013-2016 йиллар давомида Рио-2016 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш даврида камчиликларга йўл қўйилгани, энг аввало мураббийлар Кенгаши фаолият юритмаганлиги, ёш иқтидорли спортчиларни саралаш ишларига етарли даражада эътибор берилмаганлиги, айниқса федерация раҳбарияти мақсадли вазифалар қўймаганлиги сабабли мана шундай қониқарсиз натижаларга эришилганлигини таъкидлаб ўтди ва бу масалалар танқидий кўриб чиқилди. 

Маълумки, қиличбозлик мамлакатимизда ўз тарихи, ўз анъаналарига эга бўлган спорт турларидан ҳисобланади ва спортнинг ушбу турида ўз вақтида ҳамюртларимиз бир қатор юқори натижаларга эришишган. Жумладан биргина Собир Рўзиевнинг ўзи қиличбозлик бўйича жамоавий баҳсларда икки марта жаҳон чемпионлигига сазовор бўлган, бир мартадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган. Шунингдек, 1976 ва 1980-йиллардаги Олимпия ўйинларида яккалик баҳсларида 4-ўринни эгаллаган. Жамоавий баҳсларда эса Москва олимпиадасининг кумуш медалига эга бўлган. 

Ўзбекистон мустақилликка эришгач қисқа давр мобайнида 3 нафар ўзбекистонлик спортчи Олимпия ўйинларида иштирок этишга улгуришди. 1996 йили Атлантада Рафкат Рўзиев рапира йўналишида, 2000 йил Сиднейда Аниса Петрова ва 2012 йили Лондонда Руслан Кудаев шпага йўналишларида Олимпия ўйинларида ватан шарафини ҳимоя қилди.

Аммо 2016 йилги Олимпия ўйинларига спортнинг ушбу туридан бирорта ҳам лицензия қўлга киритилмади. 

Таъкидлаш керакки, қиличбозлик бўйича Олимпия ўйинлари лицензиясини қўлга киритиш йилдан йилга қийинлашиб бормоқда. Бунинг учун спортчилар мураккаб саралаш босқичларидан ўтишларига тўғри келади ва буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Аммо Ўзбекистонда спортга, хусусан болалар спортига кўрсатилаётган юксак эътибор натижасида ўзбекистонлик спортчилар спортнинг кўплаб турларида нафақат лицензияларни қўлга киритишмоқда, балки Олимпия ўйинлари совриндорлари сафидан жой олиб, ватанга медаллар шодаси билан қайтишмоқда. 

Конференцияда давомида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Геннадий Пелих, рапира йўналишида терма жамоа катта мураббийи Ирина Васильева, шпага йўналишида терма жамоа катта мураббийи Руслан Кудаев, сабля йўналишида катта мураббий Нурали Носиров, яккама якка кураш бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби директори Шаҳрулло Маҳмудовлар сўзга чиқиб, мазкур спорт турини Ўзбекистонда янада оммавийлаштириш, халқаро майдонларда юксак натижаларга эришиш йўлида ўз фикр мулоҳазалари билан ўртоқлашишди.

Шунингдек, шу пайтгача қиличбозлик федерациясини бошқариб келган, хизмат кўрсатган спорт устаси Собир Рўзиев сўзга чиқиб бундан буёғига федерация ишини янги босқичга олиб чиқиш, спортнинг ушбу турини янада ривожлантиришни таъминлаш мақсадида федерация раислигига бош вазир ўринбосари Адҳам Икрамов номзодини илгари сурди. Конференция иштирокчилари ушбу таклифни бир овоздан қабул қилишди ва Адҳам Илҳомович Икрамов Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раислигига сайланди. Ўз навбатида янги раҳбар Собир Рўзиевнинг бой тажриба ва ва катта маҳорат соҳиби эканлигини ҳисобга олиб унинг номзодини маслаҳатчи, Нодира Алимова номзодини эса бош котиб лавозимига таклиф этди. Бу борадаги қарор ҳам бир овоздан қабул қилиниб ҳар иккала мутахассис янги лавозимларда фаолиятларини давом эттирадиган бўлишди. 

Конференция давомида шунингдек федерацииядаги мавжуд муаммо ва камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, қиличбозлик спорт турини янада ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш, спорт турини оммавийлигини ошириш, туман, вилоят ва Республика мусобақларини тизимли ўтказиш каби таклифлар киритилди. Ўз навбатида яқин келажакка федерация олдига катта мақсадлар қўйилди. 2020 йилги Токио олимпиадасига нафақат лицензияларни қўлга киритиш, балки совринли ўринларни эгаллаш ва медалларга сазовор бўлиш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Top