19:30 / 03.10.2016
17763

Telegram’нинг янги версиясида ўйин ўйнаш имкони пайдо бўлди

Telegram мессенжерида HTML5 базасидаги ўйинлар учун платформа пайдо бўлди. Бу ҳақда сервис блогида хабар берилди.

Ўйинлар бот ёрдамида яратилади. Ўйин ботга мурожаат қилиш ёки исталган чат орқали ишга туширилади.

Илк ўйинларни @Gamebot боти орқали топиш мумкин. Telegram вакилларининг таъкидлашича, ўйинлар асосини мусобақалашиш ташкил этади. Ҳар бир чатда алоҳида рейтинг бўлади ва у вақти-вақти билан янгиланиб, етакчилар ҳақида хабар бериб боради.

Ҳозирда фойдаланувчилар учун 30та ўйин мавжуд бўлиб, уларнинг асосий қисми Gamee студияси томонидан яратилган.

Компания берган маълумотга кўра, ўйинларни iPhone 4 ва ундан янги смартфонларда, шунингдек, Android 4.4 платформаси ҳамда ундан кейингиларида ўйнаш мумкин бўлади. Бунинг учун смартфонда Telegram мессенжерининг 3.13 версияси ўрнатилган бўлиши керак. Ҳозирда мессенжернинг сўнгги версияси фақатгина Google Play дўконида мавжуд. Тез орада у App Store’да ҳам пайдо бўлади.

Top