11:49 / 05.10.2016
16825

Ўзбекистон янги иш ўринлари яратиш учун Жаҳон банкидан 100 млн доллар кредит олмоқчи

Фото: Uz24

Ўзбекистон ҳукумати янги иш ўринлари яратиш учун Жаҳон банкининг 100 миллион доллар миқдоридаги маблағини жалб этишни режалаштирган. Бу ҳақда республика иқтисодиёт вазирлиги вакилига асосланиб, РИА Новости хабар тарқатган.

«Янги иш ўринлари яратиш учун Жаҳон банки 100 миллион доллар миқдоридаги заём ажратиши 2016-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорликнинг янги стратегиясига киритилган», — деган манба.

Иқтисодиёт вазирлиги вакилининг маълум қилишича, жорий ҳафтада Жан-Питер Олтерс раҳбарлигидаги банк делегацияси ва ҳукумат ўртасида Жаҳон банки маблағлари жалб этиладиган «Иш ўринларини кенгайтириш ва замонавий иқтисодиёт билан боғлиқ кўникмаларни кучайтириш» лойиҳасининг концепцияси муҳокама этилади. Делегация бир қатор вазирлик ва муассасалар ҳамда тижорат банклари ва Жаҳон банкининг республикадаги ижтимоий ҳамкорлари билан музокаралар ўтказади.

Жаҳон банкининг ижрочи директорлари кенгаши июнь ойида Ўзбекистон билан 2016-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорликнинг янги концепциясини тасдиқлаган ва республика учун 3 миллиард долларга яқин миқдордаги маблағни захира қилиб қўйганди.

«Янги концепциянинг стратегик мақсади — Ўзбекистон ҳукуматини келгуси 5 йил давомида йилига 500 мингтагача янги ишлаб чиқариш ва мунтазам иш ўринларини яратишда қўллаб-қувватлаш ҳисобланади», — дея қайд этган вазирлик вакили.

2015 йил охирида Ўзбекистон Сенати 2016 йил учун 993 мингта иш ўрни яратиш мўлжалланган иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини маъқуллаганди. Бу иш ўринларининг 148 мингтаси хориждан, хусусан Россия Федерациясидан қайтган меҳнат муҳожирлари учун мўлжалланган. Дастурда кўрсатилишича, ишсизлик 719 минг киши даражасида сақлаб қолинади, бу мамлакатдаги меҳнатга лаёқатли аҳолининг 5 фоиздан кўпроқни ташкил этади.

Расмий статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда доимий аҳоли сони 2016 йилнинг биринчи ярмида 0,7 фоизга ошган ва 31,807 миллион кишига етган. Ишсизлар сони 723,6 минг кишини ташкил этган (иқтисодий фаол аҳолининг 5,2 фоизлик қисми).

Турли баҳоларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистон чегараларидан ташқарида мамлакатнинг 3-4 миллионга яқин фуқароси (ишга лаёқатли қатламнинг учдан бир қисми) меҳнат қилмоқда. 

Top