12:55 / 30.03.2024
3338

Жаҳон банки Украинага 1,5 млрд доллар ажратди

Жаҳон банки маблағлари ижтимоий-гуманитар эҳтиёжлар учун давлат бюджети харажатларини қоплаш, шунингдек, реконструкцияга йўналтирилади, деди Украина бош вазири Денис Шмихал.

Украина Жаҳон банкидан «Ўсиш асослари» тараққиёт сиёсати (Growth Foundations Development Policy Loan - DPL) учун қарз доирасида 1,5 миллиард доллар миқдорида кредит олди. Бу ҳақда 29 март, жума куни бош вазир Денис Шмихал маълум қилди ва бу маблағлар давлат бюджетининг ижтимоий-гуманитар эҳтиёжлар учун харажатларини қоплашга, шунингдек, реконструкцияга йўналтирилишини таъкидлади.

Шмихалнинг X ижтимоий тармоғидаги хабарига қараганда, Украина Япония кафолати остида 984 миллион доллар ва Британия кафолати остида яна 516 миллион доллар олди. 

Иқтисодиёти Россия билан урушда заифлашган Украина ғарб ҳамкорларининг молиявий ёрдамига боғлиқ, деб ёзади Reuters: «Бироқ, жорий йилнинг дастлабки икки ойида тўловлар ҳажми камайиб кетди. АҚШнинг ёрдам пакети Конгрессда республикачилар мухолифати томонидан бир неча ой давомида блокланиб келяпти». 

ХВЖдан Украинага тўловлар 

21 март куни Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ижроия кенгаши Украинанинг тўрт йиллик кенгайтирилган молиялаштириш механизми доирасида (Extended Fund Facility Arrangement, EFF) учинчи таҳлилни якунлади. Шу билан бирга, Киевга 880 миллион доллар (812 миллион евро) миқдорида кредит транши тақдим этилиши маъқулланди. 

«2023 йилда Украина иқтисодиёти ажойиб барқарорликни намойиш этишда давом этди, аммо уруш билан боғлиқ омиллар қайта пайдо бўляпти, истиқбол жуда ноаниқ бўлиб қолмоқда», дея маълум қилди ХВЖ.

Top