23:23 / 07.10.2016
8252

Тошкентдаги дзюдо турнирида яна 3 нафар ўзбекистонлик спортчи олтин медални қўлга киритди

Фото: ЎзА

Тошкент шаҳрида давом этаётган дзюдо бўйича Гран-при туркумига кирувчи халқаро турнирда ўзбекистонлик яна уч спортчи олтин медални қўлга киритди.

Вазни 73 килограммгача бўлган спортчилар ўртасидаги ҳал қилувчи беллашувда Мирзоҳид Фармонов ва Ғиёсжон Бобоев ўзаро куч синашди. Финалга қадар Мирзоҳид озарбойжонлик Мушфиқ Юсубов, словениялик Мартин Хожак ва россиялик Вали Куржевни енгган, Ғиёсжон эса қозоғистонлик Елдос Жумаканов ва озарбойжонлик Ҳидоят Ҳайдаровни мағлубиятга учратган. 

 Икки спортчимиз ўртасидаги ҳал қилувчи беллашув Мирзоҳиднинг ғалабаси билан якунланди. Ғиёсжон эса кумуш медални қўлга киритди. Ушбу вазн тоифасида қатнашган яна бир спортчимиз Мусо Собиров бронза медаль билан тақдирланди.

 Вазни 81 килограммгача бўлган полвонлар баҳсида Давлат Бобонов қозоғистонлик Ерназар Хамзин, қирғизистонлик Владимир Золоев, озарбойжонлик Руфат Исмоилов, финалда япониялик Хаято Ватанабени енгиб, турнир ғолиби бўлди.

 Хотин-қизлар ўртасида вазни 70 килограммгача бўлган дзюдочилар баҳсида Гулноза Матниёзова барча рақибини мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. 

 Вазни 57 килограммгача спортчилар ўртасида Санобар Султонова учинчи ўринни эгаллади.

Top