22:16 / 01.05.2024
4902

Тошкентда малака тест синовлари қандай ўтяпти? – репортаж

15 апрелдан Ўзбекистонда малака тоифаларини олиш учун тест синовлари бошланганди. 2 босқичда ўтаётган имтиҳон 22 майга қадар жами 200 минг нафардан зиёд педагогни қамраб олиши кутилмоқда. Kun.uz тест бўлаётган бинода бўлиб, физика ва кимё фани имтиҳонида бўлди.

Жараённинг биринчи босқичида педагогнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси баҳоланади. Бунда педагогларга мутахассислик фани бўйича 35 та ҳамда касбий стандартларига оид 5 та тест саволлари берилади. Иккинчи босқичда эса педагогик маҳорати баҳоланади. Бунда педагогик маҳоратни аниқлаш мақсадида 10 та савол-топшириқ берилади. 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Таълим ташкилотларини давлат аккредитациясидан ўтказиш бўлими бошлиғи Сардор Раҳимбоев тестда тушаётган саволларнинг даражаси, валидлиги ҳақида гапириб берди. 

"Бу йилги саволлар Педагогик маҳорат маркази томонидан хорижий, маҳаллий экспертлар жалб қилинган ҳолда тестология меъёрлар асосида тузилди. Бунинг спецификацияси ва фойдаланилган дарслар рўйхати тест бошланишидан 1 ой олдин вазирликнинг расмий сайтида эълон қилинган. Биз тестларнинг валидлигини текшириш учун тест бошланишидан 2-3 ҳафта олдиндан бошлаб ўқитувчиларга онлайн тест синовларидан ўтиш имконини бериб, истаган номзод хоҳлаган жойида кирган ҳолда тестларни топшириб, валидлигини текшириш имконияти бўлди. 

Бундан ташқари, биз Тошкент шаҳрида 3 марта, республикада 2 марта барча ўқитувчилар орасида бугунги кунда бўлаётган вазиятни синовдан ўтказдик. Яъни бунда ўқитувчиларни таклиф қилган ҳолда веб-камералардан ўтиб, саволларнинг натижаларини кўриб кетишган. Билдирилган фикр-мулоҳазаларига қараб саволлар такомиллаштирилган, жараён тартибга солинган", – деди у.  

Қўшимча қилинишича, аттестация имтиҳонларига қўйилган саволлар Сингапур, БАА, Жанубий Кореядан келган чет эллик мутахассислар, Педагогик олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, ихтисослашган, президент, ижод мактабларининг устозлари, умумтаълим муассасаларининг тадқиқот олиб борувчи педагоглари билан тайёрланган.  

Шунингдек, масъул вакил тест синовигача бўлган жараён қандай ташкил этилгани ва бу тартибни бузган иштирокчиларга қандай чора кўрилишини тушунтирди.  

"Бу жараёнда ўқитувчига кўриладиган энг оғир жазонинг ўзи – тестдан четлаштириш. Яъни пастда гувоҳи бўлдингиз, ўқитувчиларнинг алоқа воситаларини олиб қолиш учун махсус жойлар қилинган, агар шу жараёндан яширинча олиб ўтилса, бошқа ўқитувчиларга нисбатан адолатсизлик бўлади. Шу сабабли белгиланган тартибга биноан ҳар қандай имтиҳонда ёрдамчи қўшимча воситалардан фойдаланиш тақиқланган.  

Мана, кўриб турибсиз, орқамизда экранда ҳам бутун республикани кузатиб турибмиз. Бундан ташқари, ҳар 25 нафар ўқитувчига кузатувчи белгиланган. Алоқа воситаларини олиб киришган тақдирда ҳам ундан фойдаланиш имкони йўқ", – деди Раҳимбоев.  

Бу йилги аттестация тестларининг ўтган йиллардан фарқини билиш учун Kun.uz имтиҳонда қатнашиб чиққан бир қанча ўқитувчиларнинг ҳам фикри билан қизиқди. Ўқитувчилар бу йилги имтиҳоннинг ташкилий қисмларини ижобий баҳолашди. Аммо айрим саволлар бироз қийнаганини айтиб ўтишди.  

Таъкидланишича, аттестация натижалари QR-код қўйилган электрон шаклдаги педагогларнинг шахсий кабинетларига юборилади. Аттестация натижасига кўра, педагог кадрларнинг ойлик иш ҳақларига киритиладиган ўзгаришлар автоматик тарзда ҳисоблаб чиқарилиши учун УзАСБО ёки бошқа молиявий ҳисоб-китоб дастурларига тақдим қилинади.  

Маълумот учун, ҳозирда умумтаълим мактабларида жами 525 737 нафар педагог фаолият юритади. Уларнинг 53 914 нафари олий, 101 751 нафари биринчи, 126 759 нафари иккинчи малака тоифали, 177 122 нафари мутахассис лавозимига эга, 66 191 нафари эса тоифасиз (ўрта-махсус маълумотли).

Top