00:39 / 08.10.2016
23482

Рамзон Қодиров Фёдор Емельяненконинг обрўсини тўкувчи ёзувларни тўхтатишга чақирди

Фото: nvdaily.ru

Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров ММА иттифоқи президенти Фёдор Емельяненконинг обрўсини тўкувчи ёзувларни ўчириб ташлашга чақирди. Бу ҳақда "Russian today" нашри хабар бермоқда. 

Аввалроқ Фёдор Емельяненко Грознийдаги ММА бўйича мусобақада болалар иштирокида жанглар ўтказилганини танқид қилганди. Шу сабабли баъзилар томондан Емельяненкога қарши "бош кўтарилган".

"Қадрдон дўстлар! Мен сизларга Фёдор Емельяненконинг обрўси ва шаънига путур етказувчи исталган ёзувларни чоп этмаслик илтимоси ва тавсияси билан мурожаат қилмоқдаман. Мен, биринчи навбатда, бизнинг тарафдорлар ва дўстларимиз эканини айтиб, буни эҳтиросда қилганларга мурожаат қилмоқдаман. Агар сиз ҳақиқатан бизнинг дўстимиз бўлсангиз, мен эса бунга шубҳа қилмайман, бундай нарсаларни ёзманг. Ёзилганларни эса ўчириб ташланг. Эҳтиросларни авж олдириш, одамнинг шаънига тегадиган гап қилиш ярамайди", деб ёзди Қодиров ўз инстаграмида.  

Қодировнинг айтишича, Емельяненко мусобақанинг уюштирилиши борасида хулоса чиқаришда шошқалоқлик қилган.

"Мен аминманки, Фёдор Владимирович ўз хатосини англади. Бундан унинг саҳифасидан боланинг сурати ўчириб ташлангани дарак беради. Биз бир-биримизга сабр-тоқатлироқ бўлишимиз, жамоатчилик аҳамиятига молик масалаларни муҳокама қилишда шахсиятларга ўтмаслигимиз лозим. Бизни шундоқ ҳам нодўстона дунё ўраб турибди. Санкциялар, мафкуравий хуруж, чегаралар олдида қурол овозлари жаранглаши орқали бизни бир-биримизга душман қилиш, қаторимизда адоватни оралатиш мақсад қилинган. Биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз", деб қўшимча қилган Қодиров. 

 

Top