Қодиров тартибсизликлар қатнашчиларига энг қаттиқ чоралар кўрилишини айтди
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров унинг минтақасида «рухсат берилмаган тартибсизликлар»нинг эҳтимолий иштирокчиларига нисбатан энг қаттиқ чоралар кўрилишини айтди.
Доғистондаги тартибсизликлар фонида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров хавфсизлик кучларига эҳтимолий тартибсизликлар иштирокчиларига қарши ўта қаттиқ чоралар кўришни, жумладан ўқотар қуроллардан фойдаланишни буюрди. «Агар бизда рухсат этилмаган тартибсизликларга битта бўлса ҳам одам чиқса, уни қўлга олиш ва қамаш керак. Ёки ҳавога уч марта огоҳлантирувчи ўқ узинг ва шундан сўнг қонунга риоя қилмаса, пешонасига тўртинчи марта ўқ отинг», деди у 31 октябр, сешанба куни Доғистон Республикаси билан чегарадош минтақа ҳукуматидаги йиғилишда.
Шу билан бирга, Қодиров гап «унинг буйруғи» ҳақида кетаётганини таъкидлади, деб ёзади РИА «Новости». Маҳачқалъадаги тартибсизликлардан сўнг, Чеченистон раҳбари ўз минтақасида оммавий норозилик намойишларининг олдини олиш ва «бундай провокацияни» тўхтатиш зарурлигини эълон қилди.
Доғистондаги ғалаёнлар
29 октябр куни Доғистонда ғалаёнлар юз берди. Куннинг иккинчи ярмида Хасавюрт шаҳрида «Фламинго» меҳмонхонасида «Исроилдан келган қочқинлар» меҳмонхонага жойлаштирилгани ҳақидаги хабарлар туфайли оломон тўпланди. Йиғилганлар меҳмонхонада яҳудийлар йўқлигини исботлашни талаб қилиб, меҳмонхона томон тош отган. Ўша куни кечқурун Тел-Авивдан Red Wings авиакомпаниясининг мунтазам рейси келишидан олдин бир неча юзлаб маҳаллий аҳоли Маҳачқалъа аэропортига бостириб кирди. Улар аэропортни эгаллаб олди ва яҳудийларни қидириш учун ҳар бир хонага кириб чиққан. Тартибсизликлар қатнашчилари эшикларни бузиб, машиналар чиқишини тўсиб қўйган, у ердаги одамларнинг паспортларини мажбуран текширган, автобусларга ҳужум қилиб, самолётга киришга уринган.
Ички ишлар вазирлигининг Шимолий Кавказ федерал округи бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, Доғистондаги воқеалардан сўнг 83 киши қўлга олинган, оммавий тартибсизликлар бўйича жиноий иш очилган. Россия президенти Владимир Путин Доғистондаги тартибсизликлар ортида Киев ва ғарб тузилмалари турганини тахмин қилди. Оқ уй айбловларни «классик русча риторика» ва «абсурд» деб атади.
Мавзуга оид
19:20 / 15.12.2024
Украина дронлари Грознийдаги базага ҳужум қилди
22:28 / 12.12.2024
Рамзан Қодиров 100 мингга яқин жангчиси урушда қатнашмаётганини тан олди
20:19 / 25.11.2024
Қуръонни ёққани учун қамалган Никита Журавелга янги ҳукм ўқилди — у «давлатга хиёнат»да айбдор деб топилди
14:56 / 17.11.2024