09:28 / 09.10.2016
8700

Ямандаги дафн маросимига коалиция самолётлари ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлар сони 140 нафардан ортиқ

Фото: Reuters

Яман пойтахти Сано шаҳрида Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалицияси самолётлари дафн маросимига йиғилганларни бомбалаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 140 нафардан ортиқни ташкил қилган. Бу ҳақда тиббиёт ходимларига асосланган ҳолда Sputnik хабар берган.

Бундан олдинги хабарларда 82 киши ҳалок бўлгани ва 582 киши жароҳатлангани айтилганди.

Араб коалицияси эса бу ҳужумни содир этганини инкор қилмоқда.

Аниқлик киритилишича, шаҳар шифохонасига 142 жасад ва 534 нафар жароҳатланган киши келтирилган.

Исёнчи ҳусийчилар назоратида бўлган Яман пойтахти 2015 йил ёзидан буён Саудия Арабистон бошчилигидаги коалиция томонидан ҳужумларга учраб келади. Коалиция ҳукуматни ёқлаган ҳолда Ямандаги фуқаролик урушига қўшилган.

Ямандаги қуролли можаро 2014 йилда юзага келган. Зиддиятнинг бир томонида шиаларнинг "Ансор Аллоҳ" гуруҳи (мамлакатнинг собиқ президенти Абдулла Салоҳ тарафдорлари), иккинчи томонида ҳозирги президент Абд Раббо Мансур Ҳодийни ёқловчи суннийлар туради.

Top