Фан-техника | 23:20 / 12.10.2016
19576
8 дақиқада ўқилади

Стив Жобс ақлий ҳужумларини қандай амалга оширган?

Фото: © AP

Стив Жобс 31 ёшида Apple'ни тарк этиб, NeXT'га асос солди. Жобс ўзининг стартапида худди Apple'да бўлгани каби ақлий ҳужумларни амалга оширди. У бунга ўзига хос бўлган усулда, катта қизиқиш ва тўлиқ ишонч билан ёндашарди. Inc.com Стив Жобсдан нималарни ўрганиш мумкинлиги ҳақида мақола чоп этди. 

Стив Жобснинг бошқарув услуби ҳам ижобий, ҳам салбий жиҳатдан юз марталаб кўриб чиқилган. Уни ёқтириш ёки ёқтирмаслик мумкин, лекин унинг қўлга киритган ютуқларини инкор этиб бўлмайди: Жобс - қисқа вақт ичида сайёрамизнинг энг муваффақиятли компаниясини яратган инсон. 

Бунга қадар, 1985 йилда Жобс Apple'ни тарк этишига тўғри келган. Бир неча ой ўтгач, у бошқа компанияга асос солган. NeXT номини олган бу стартап олий таълим соҳаси учун кучли компьютерлар ишлаб чиқаришга эътиборини қаратди. 

Бир неча истеъдодли ишчилар Жобснинг янги компаниясига қўшилиш мақсадида Apple'ни тарк этишган - бу одамларнинг унга бўлган ишончидан далолат беради. 

Қуйида берилган видеода Жобснинг компаниядаги илк уч ойда ўтказган ақлий ҳужумларидан лавҳалар кўрасиз. 

Ҳар бир ишбилармон Жобснинг хатти-ҳаракатларини кузатиб, ўз компаниясидаги мажлисларни янада самарали ўтказишни ўрганиши мумкин. 

Ушбу видеонинг 8 лавҳаси шубҳасиз диққатга лойиқ. Қуйида улар ҳақида батафсил сўз юритилади ҳамда тайминг (белгиланган вақт) кўрсатиб борилади. 

Ўз ҳиссиётларингизни намоён этинг (4:58)

Жобснинг ўзига хос бошловчилик истеъдоди бўлган, унинг кўникмалари кириш нутқидаёқ тўлиқ очилади.

Кўриб турганингиздек, у ўта шижоатли, нутқи ҳам табиий. Энг муҳими, Стив ўз гапларига чин дилдан ишонади. 

Ғоя биринчи навбатда ўзингизни "ёндира олмаса", у ҳеч кимга илҳом бағишлай олмайди. 

Қадриятларнинг яратилишига диққат қилинг (5:40)

"Ҳақиқатда бизни қизиқтира олгани учун ҳам бу лойиҳа билан шуғулланмоқдамиз... Бу шунчаки пул ишлашни хоҳлаганимиздан эмас, олий таълимга бўлган ҳақиқий қизиқишимиздан".
Стив Жобс

Тадбиркор учун унинг маҳсулоти ёки сервиси кимнингдир ҳаётини яхшилаётганини билишдан мароқлироқ нима бўлиши мумкин?

Ўз жамоангизни синаб кўринг (6:15)

Видеода Жобс ўз ходимларини текшираётгани, уларга ўнғайсиз саволлар бераётгани ва айтилган сўзлардан аниқ хулосалар чиқараётганини кўриш мумкин. 

У инсонларнинг нима учун айнан шундай йўл тутганларини билишни истайди ва кимнингдир гапларига қўшилмаса, буни тўғри унинг ўзига айтади. 

Ҳа, Жобс ҳукмрон бўлиши мумкин, лекин Жобс билан икки марта ишлаш бахтига муяссар бўлган Гай Кавасаки шундай деган:

"Агар Apple ходимларидан нима учун бу компаниядаги барча қийинчиликларга бардош беришларини сўрасангиз, улар сизга "Чунки Apple сенга ўз карьерангдаги энг яхши ишингни амалга оширишга имкон беради", деб жавоб беришади".
Гай Каваски

Тўғри йўлни танланг (6:53)

"Ёнингда сенинг тўғри йўлдан кетаётганлигинг ҳамда мақсад сари ҳаракат қилаётганингни эслатиб турувчи инсон керак. Минг миль йўл босиб ўтишинг керак бўлган, сен эса энди биринчи қадамингни ташлаган бир пайтда олдинда турган йўлнинг охири йўқдек туюлади. Ана шундай пайтда "Хўш, биз мақсадимиз сари бир қадамга яқинлашдик... Шубҳасиз, мақсад бор. Бу сароб эмас", дейдиган одам бўлса, бу жуда катта ёрдам беради". 
Стив Жобс

Компаниянгиз ривожлангани сари ҳақиқатда муҳим бўлган нарсаларни англамай қолишингиз мумкин. Шунга қарамай, ўзингиз ишонмаган нарсаларга қўл урманг.

Айнан шунинг учун 1985 йилда Жобсни Apple'дан чиқариб юборишган, лекин яна шу сабабли қайта ишга олишган, "Олма"нинг ўзи эса мислсиз муваффақиятга эришган.

Устувор вазифаларни тўғри белгиланг (7:26)

NeXT жамоаси ўзининг устувор вазифаларини муҳокама қилаётган бир пайтда сиз Стив Жобснинг ноёб хусусиятини пайқашингиз мумкин: у энг муҳим нарсаларга диққатни қаратишнинг уддасидан чиқади, асосийси, нима учун бу биринчи ўринда муҳим эканлигига доир фикрини ҳимоя қила олади. 

Жамоа аъзолари биринчи рақамли устувор вазифага (компьютер нархини 3 000 доллар даражасида ушлаб туриш)  эътироз билдиришганда Жобс ўз фикрини ҳимоя қилади:

"Компьютер уч карра тезроқ бўлса, улар 4 000 доллар тўлашмайди. Ё у 3 000 долларга баҳоланади, ёки уни харид қилишмайди. Бу сеҳрли сумма... Улар буни ҳаддан зиёд қиммат, деб ҳисоблашади. Нима бўлганда ҳам биз шундай нарх белгиладик ва энди хотиржам бўлишимиз мумкин".
Стив Жобс

Жамоа ўз етакчисини қўллаб-қувватлади - нарх биринчи рақамли устунликка эга бўлди. 

Сиз нима ҳақиқатда муҳим эканлигини биласиз, бироқ бунинг нима учун муҳимлигини исботлай оласизми? Агар бунинг уддасидан чиқсангиз, жамоангиз сизнинг ортингиздан эргашади. 

Гапни қачон тўхтатиш кераклигини ҳис қилинг (11:20)

Видеода жамоадаги бир қиз узун нутқ сўзлай бошлайди. Жобс аввалига хотиржамдек кўринади, лекин қизнинг гапиришда давом этаверганидан охири сабри тугайди ва гапни тугатишини кутиб ўтирмай, қизнинг гапини "илиб" кетади. 

Бундай ҳолатлар кўп кузатилади: учрашув иштирокчиларидан бири ҳаддан ташқари узоқ нутқ сўзлайди, аммо ҳеч ким одоб юзасидан унинг гапини бўлишга жазм қилмайди. Бу лавҳа баъзан охири кўринмайдиган нутқни вақтида тўхтатиш нақадар муҳимлиги ҳақида ўйлашга ундайди. 

Яхши тингловчи бўлиш, сабрли бўлиш яхши, албатта. Бироқ ҳаддан зиёд гапга берилиб кетган инсонни тўхтатишни ҳам ўрганинг - шу тариқа ўз вақтингиз ва ресурсларингизни тежайсиз.

Ўтмиш тажрибасидан сабоқ олинг, бироқ унга ўралашиб қолишингизга йўл қўйманг (12:05)

Жамоа иштирокчиларидан бири ўтмишдаги хатоларини ёдга олганида Жобс шундай дейди:

"Мен "Шунчаки биз ўтган сафар бунинг уддасидан чиқмадик, бугун ҳам уддасидан чиқа олмаймиз..." каби сўзларни эшитишни истамайман. Бу бизга бугун берилган имконият. Бу ажойиб имконият". 

Стив Жобс

Барча буюк тадбиркорлар "хатолар - жараёнларнинг бир қисми" эканлигини яхши билишади. Қанчалик кўп уринсангиз, шунчалик кўп хато қиласиз ва йўқотасиз, лекин омад доим яқинингизда бўлади, фақат уни топа билиш муҳим. 

Ўзингизни ижобий кайфиятга йўналтиринг (13:00)

"Мен ўзимиз билмайдиган нарсалар рўйхатини тузаётганимни сезиб қолдим, лекин кейин компаниямиз яралганига атиги 90 кун бўлгани ёдимга тушди. Шу вақт ичида амалга оширган ишларимизга қараб, бунга ақл бовар қилмаслиги, 90 кун ичида нақадар илгарилаб кетганимизни англаб етдим". 

Стив Жобс

Қаршингизда узун йўл турган бўлса, бажариб бўлинган ишга диққатни қаратиш фойда беради. Амалга оширган ишларингиз ва эришган муваффақиятларингизни ёдга олинг. Бу сизга олдинга қараб ҳаракатланиш учун куч ва ғайрат беради. 

 


 

Мавзуга оид