18:09 / 28.10.2016
21571

Тошкент кафеларидан биридаги тунецли сэндвич машмашаси

Фото: Facebook/Водители Ташкента

Facebook тармоғидаги "Потребитель.уз" гуруҳи аъзолари истеъмолчи сифатида бирор бир маҳсулот ёки хизмат кўрсатиш марказларига мунтазам равишда ўз муносабатларини билдиришади. 28 октябрь, жума куни Zlata Kazakova исмли фойдаланувчи Reggae bean кафесида кўрсатилган хизматга ўз норозилигини билдирди. 

"Бугун Reggae bean кафесига бордик, тунецли сэндвич буюртма қилдик. Мана, бизга нима олиб келишди, - дея сэндвич суратини илова қилади фойдаланувчи. - "Тунец қани?" деган саволимизга жавоб бизни лол қолдирди: "У тунец соуси билан"...

Истеъмолчи бундай нуфузли кафе учун нонга майонез суриб, 4та бодринг бўлаги қўшиб, буни тунецли сэндвич дея мижозларга тортиқ қилишидан таажжубланганини яширмайди. "У ҳолда шундай деб ёзиб қўйинг - тунец ҳидли сэндвич", - дея қўшимча қилади у.

Фото: Facebook/Водители Ташкента

Бу мурожаатга нисбатан гуруҳ аъзолари томонидан кўплаб изоҳлар билдирилди - кимдир буни ҳазилга йўйса, яна кимдир 10 000 сўмга бундан ортиғини кутиш ножоизлигини ёзиб қолдирди, бошқа бировлар эса ошпазни алмаштиришни маслаҳат беришди. 

Изоҳ қолдирганлар орасида ўзини юқорида номи қайд қилинган кафе раҳбари дея таништирган Шоҳиста Юнусова мижозга қуйидаги мазмунда жавоб берди: "Хайрли кун! Менинг исмим Шоҳиста, мен - шу кафе раҳбариман. Билдирилган барча танбеҳлар ўринли, фикрингиз учун раҳмат. Биз тест режимида иш бошлаган эдик, барча заиф томонларимизни кўриб чиқдик ва сешанбадан бошлаб янги менюни татбиқ қиламиз, шу жумладан, тунецли сэндвич шунчаки тунецли соус билан эмас, тунец балиғининг ўзи билан бирга тортиқ қилинади. Умуман олганда, ишлар у қадар ёмон эмас, агар сизга нимадир ёқмаган бўлса, ўз истакларингизни бизга айтишингиз ёки шикоятлар китобида ёзиб қолдиришингиз мумкин. Барчага ижобий кайфият ёр бўлсин!"

Фойдаланувчилардан бири бундай сэндвич ва гамбургерлар бизнинг минтақа учун ёт экани ҳамда унинг ўрнига ҳеч қаерда реклама қилинмаса-да, ичида доим гўшти бўлган мазали ва тўйимли сомса ейишни тавсия қилади. 

Reggae bean кафеси ошпази Ражив Зокиров ҳам изоҳловчилар қаторига қўшилиб, шикоятга ўз муносабатини билдиради: "Ҳурматли, Zlata Kazakova. Биз сэндвич учун соусни майонез ва консерваланган тунецдан тайёрлаймиз. Сизнинг шикоятингизни инобатга оламан. Таомлар устида ҳали кўп ишлаймиз, зеро ҳар куни севимли мижозларимиз ўз истаклари билан ташриф буюришади. Ҳамманинг кўнглиги олиш қийин, лекин биз олтин ўрталикни сақлашга ҳаракат қиламиз! Сизни кўришдан доим хурсанд бўламиз! Изоҳлар ва муносабатлар учун раҳмат!"

Top