20:01 / 11.11.2016
4780

Тошкентда жаҳон физикларининг анжумани якунланди

Фото: uza.uz

Тошкентда 10-11 ноябрь кунлари Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган «Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар» мавзуида халқаро симпозиум бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Симпозиумда физика, астрономия ва астрофизика, энергетиканинг, қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаш самарадорлигини оширишнинг илмий асослари, маҳаллий хомашё манбалари асосида янги материаллар олиш, замонавий нанофизика ва нанотехнологияни ривожлантиришнинг энг муҳим масалалари муҳокама қилинди.

– Мазкур халқаро форум Ўзбекистонда қадимдан мавжуд фундаментал илмий салоҳиятнинг бугун ҳам амалда фаол намоён бўлаётганининг далилидир, бу барқарор келажак учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади, – дейди Антверпен университети профессори Де Вос Дирк Лусиен (Бельгия). – Мазкур форумда биоматериалларнинг тирик организмда энергия алмашиши, уни сақлаши, маълумот алмашишининг физик асослари ҳақида сўз юритилди.

Фото: uza.uz

Германиядаги Ер ҳақидаги фанлар илмий-тадқиқот маркази сунъий йўлдошлар ўлчашларига асосланган геодезия технологияларини координация ва интеграция қилиш билан шуғулланади. Бу тизим геометрик коинот технологияларини амалдаги геодезия билан бирлаштиришга, ер сиртида олинган ўлчашларни учиш аппаратлари ёрдамида ва коинотдан олинган кузатув маълумотлари билан яхлитлашга ҳам масъулдир. Мустақиллик йилларида мазкур марказ билан Ўзбекистон Фанлар академияси Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти ўртасида изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. Натижада, Астрономия институтида Глобал позициялаш тизимининг (GPS) Китоб, Тошкент ва Майданак халқаро станциялари ташкил қилинди, ҳамкорликда регионал тезликлар аниқланиб, ҳудудларнинг сейсмик хавфи баҳоланди.

Россия Фанлар академияси Сибирь бўлими қошидаги Яримўтказгичлар физикаси институти директори ўринбосари, профессор Олег Пчеляковнинг айтишича, мамлакатимизда қуёш энергетикасини тараққий эттириш учун қулай географик иқлим, етарлича салоҳият, бунинг фундаментал ва ташкилий асослари мавжуд: Ўзбекистонда бир йилда 320 кундан зиёд ҳаво очиқ бўлиши қуёшли кунлар кўплиги бўйича дунёнинг аксарият минтақаларига нисбатан анча устунликни таъминлайди.

Қисқача айтганда, мазкур халқаро симпозиум бугун дунё физикасидаги долзарб фундаментал ва амалий масалаларни муҳокама қилиш, ўзбек физика мактабининг мустақиллик давридаги ютуқларини халқаро миқёсда яна бир бор кенг намойиш этиш имконини берди. Бу нафақат илм-фан, балки бошқа кўплаб соҳалар ривожида ҳам катта аҳамият касб этади.

 

Top