12:17 / 16.11.2016
9936

«Лукойл» Ўзбекистондаги Ҳисор лойиҳасини молиялаштиришга 500 млн доллар ажратди

Фото: «Лукойл»

Россиянинг «Лукойл» компанияси Ўзбекистондаги газ-конденсат конларининг Ҳисор гуруҳини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳани молиялаштиришга 500 миллион доллар ҳажмида кредит жалб қилди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берган.

Таъминланмаган кредит тижорат банклари консорциуми томонидан тақдим этилган. Россия компания маълумотларига кўра, консорциум таркибига  Intesa Sanpaolo Bank Luxembourg S.A. (Люксембург), Natixis (Франция), Mizuho Bank Ltd. (Япония), UniCredit S.p.A. (Италия), VTB Bank (Deutschland) AG (Германия), ING Bank N.V. (Нидерландия), AO Raiffeisenbank (Россия) ва Raiffeisen Bank International AG (Австрия) киради.

Концорциум ушбу кредитни 3 ойлик LIBOR+3,0 фоиз ставка билан 5 йил муддатга тақдим этган.

«Лукойл» 2007 йилнинг январида Ҳисордаги лойиҳада иштирок этиш бўйича келишувга эришганди.

«Жануби-Ғарбий Ҳисор» лойиҳаси бўйича табиий газ ишлаб чиқариш 2011 йил декабрида бошланган. У Жарқудуқ—Янги Қизилча блокидаги энг йирик конда йилига 1,1 миллиард кубометр газ қазиб чиқариш қуввати билан ишга тушган.

2015 йилнинг декабрида «Лукойл» Қашқадарёдаги Ҳисор конида электр таъминоти объектларини қурган, «Ҳисорни тўлиқ ривожлантириш» лойиҳаси доирасида Жарқудуқ ва Одамтош конларида технологик объектлар ва коннинг таянч базасини электр билан таъминлашга мўлжалланган иккита подстанция қурилиши якунланганди.

Аввалига асосий объектлар 2016 йил охиригача ишга туширилиши кўзда тутилганди. Эндиги режага кўра, россияликлар компанияси 2017 йилда Жарқудуқдаги илк газ кон саноатини ишга туширишни мўлжаллаган. Газ қазиб олишнинг энг юқори даражаси эса йилига 4,8 миллиард кубометрга тенг бўлиши режалаштирилган.

Компания маълумотига кўра, 2015 йил охирида углеводородлар захираси 241 млн баррел (22 млн баррел газ конденсати ва 1317 млрд фут3 газ), қазиб олиш – 9 млн баррел. (106 минг тонна газ конденсати ва 1,3 млрд м3 газ) бўлганди. Товар гази тўлиқ ҳажмда экспорт қилинади.

Top