11:19 / 18.11.2016
9934

Киевдагилар пранкернинг Порошенко билан суҳбатини гибрид урушининг бир қисми сифатида баҳолашди

Фото: «Коммерсантъ»

Украина президенти Петро Порошенко билан телефонда ўзини Қирғизистон раҳбари Алмазбек Атамбаев каби тутиб гаплашган пранкер Вован (Владимир Кузнецов) россияликларнинг махсус хизматларига хизмат қилади ва бу ҳодиса Россиянинг Украинага қарши гибрид урушнинг бир қисмидир. Бу ҳақда Украина президентининг матбуот котиби Святослав Цеголко ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, пранкерлар украиналиклар етакчисининг«Қирғизистон президенти» билан сўзлашуви ёзувини махсус хизматлар ҳамда Кремль билан маслаҳатлашиб олмагунча ошкор қилмай туришгани шундан далолат беради.

«Порошенко телефон мулоқотида Россияни агрессор деб атаган ва Украинадан қўшинларини олиб чиқиши талаб этилиши ҳақида гапирган. Айнан шу гап туфайли улар бу ёзувни маслаҳатлашмасдан эълон қила олмасди», — деган Цеголко.

У қўшимча қилганки, бу мулоқотнинг ташкиллаштирилишида Қирғизистон ТИВ томони ҳам иштирок этган.

«Улар Қирғизистон президенти маъмуриятининг телефон рақамларини тақдим этишган. Бу воқеадан кейин эса улар бир неча кун давомида Украинадан бўлган қўнғироқларга жавоб қайтаришмади», — дея қайд этган матбуот котиби.

Унинг айтишича, бу суҳбат кўп таҳрир қилинган.

Суҳбатда Порошенко Донбассда 4 млн киши азоб чекаётгани ҳақида айтади. 

«Алмазбек, вазият шундай, ҳеч кимга раво кўриб бўлмайдиган вазият», — дея қўшимча қилган украинлар президенти.

Порошенко «Атамбаев»ни Украинага ишчи сафар билан келишга таклиф этган.

«Биз меҳмондўстлигимиз билан ажралиб турамиз, ўз навбатида Бишкекка ўз делегациямизни юборишимиз ҳам мумкин», — деган у.

Украина президентининг сўзларига кўра, Россия учун «Қрим йилига 2 млрд долларга тушади, коммуникация тизимлари барпо этиш учун яна 2 млрд доллар». У ДХР ва ЛХРга ёрдам учун ҳам йилига 2 млрд доллар сарфланишини айтиб ўтган.

«112 Украина» телеканали сайтида Украина президенти матбуот хизмати томонидан ушбу суҳбатнинг тўлиқ матни эълон қилинган.

Бундан олдинроқ пранкер Қирғизистон «президенти»нинг Порошенко билан мулоқоти акс этган 15 дақиқалик аудиоёзувни тақдим этганди.

Порошенко ва Атамбаевнинг мулоқоти ҳақидаги хабар 2 ноябрь куни Украина президенти сайтига жойлаштирилди. 3 ноябрь куни бу хабар олиб ташланди.

Кейинроқ Бишкекдагилар Порошенко билан кимдир ҳазиллашгани ҳақида айтишди.

«Бу хабар ишончли эмас. Эҳтимол, Украина етакчиси билан кимдир ҳазиллашган», — деди Қирғизистон президенти аппарати ташқи сиёсат бўлими раҳбари Сапар Исаков. 

Жорий йилда Порошенко шахси бир неча маротаба телефон орқали ҳазил қиладиган кимсалар (пранкерлар) объектига айланди. Бундай воқеалардан бирида Порошенко номидан The New York Times нашрига интервью беришга уриниш бўлган. 

Top