Исломда эр-хотиннинг бир-бирига нисбатан ҳуқуқ ва бурчлари
Динимиз Ислом таълимотида оилавий ҳаёт муқаддас нарса ҳисобланади. Чунки, оила жамият биносининг ғишти, бир бўлагидир. Агар бинонинг ғиштлари соғлом бўлса, бино ҳам мустаҳкам бўлади, акс ҳолда бундай бино емирилиш ва қулаш хавфи остида қолади.
Айнан шунинг учун динимизда оила масаласига бениҳоя жиддий эътибор қаратилади, унинг мустаҳкамлиги, эр-хотин ўртасидаги меҳр-муҳаббат давомийлигини таъминлаш учун динимиз Ислом ўзига хос қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйган. Оилавий ҳаётнинг асосий ташкилотчилари ва аъзолари бўлмиш эр ва хотиннинг ҳар бирига ўзига хос бурч ва вазифаларни юклаган, бир-бирларига нисбатан ҳақ ва ҳуқуқларни белгилаб берган. Агар эр ва хотин мазкур қоидаларга амал қилишса, бир-бирларига нисбатан зиммаларидаги бурч ва масъулиятларини ҳис қилиб, сидқидилдан адо этишса, бундай оила бахт ва саодат қасрига айланади. Бундай намунавий оилада туғилган фарзандлар ҳам гўзал тарбия топадилар ва келажакда улардан жамиятга фойдаси тегадиган буюк инсонлар етишиб чиқади. Бордию, оила бошлиқлари яъни эр ва хотин бир-бирларининг ҳақ-ҳуқуқларини танимасалар, балки, уларни поймол қилсалар, табиийки, ундай оилада тинчлик ва хотиржамлик бўлмайди, ўзаро меҳр-муҳаббат завол топади ва оила пароканда бўлиш ва парчаланиш хавфи остида қолади.
Шу боис ҳам динимиз эр ва хотиннинг ҳар бирига ўзига хос ҳуқуқлар ато этиб, маълум мажбуриятларни ҳам юклаган. Мазкур ҳуқуқларнинг баъзилари эр ва хотин ўртасида муштарак бўлса, баъзилари эрга тегишли ва яна баъзилари хотиннинг ўзига тегишли бўлган ҳуқуқлар ҳисобланади.
Исломда эр ва хотинлик алоқалари энг муқаддас инсоний алоқа экан, мазкур алоқалар қай тарзда йўлга қўйилиши кераклигини ҳам билишимиз ва мазкур билимга амал қилишимиз лозим. Эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари қандай бўлиши керак? Эр киму, унинг қандай мажбуриятлари бор? Хотин киму, унинг қандай мажбуриятлари бор? Икковининг қандай оилавий ҳуқуқлари бор? Бир-бирларига муносабатлари қай тарзда бўлиши керак?
Шариатимизда шунга ўхшаш саволларнинг барчасига жавоб берилган. Қуръони карим оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида бу масала атрофлича ёритилган. Мужтаҳид уламоларимиз мазкур оят ва ҳадислардан кўплаб ҳукмларни чиқарганлар. Ҳамма ҳужжат ва далилларни тўплаб ўрганган уламоларимиз эрнинг хотиндаги ҳақларини қуйидагича баён қилганлар:
Хотиннинг эр зиммасидаги ҳаққи эрнинг ўзига ҳам, молига ҳам тегишлидир. Хотиннинг эри зиммасидаги маҳр ва нафақа сингари молиявий ва шахсий ҳақлари бор. Улар қуйидагилар:
1. Хотиннинг эр зиммасидаги ҳақларидан биринчиси эр томонидан унга яхши ва адолатли муомала қилинишидир. Зеро, Аллоҳ таоло Ўз китобида: “وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ” яъни “аёллар билан яхшилик билан умргузаронлик қилинглар!”, дея амр этган (Нисо сураси: 19-оят). Бу буйруқ эрнинг хотинга яхши муомалада бўлишини, табиатидаги айрим ноқисликларга сабр қилишни, баъзи хатоларига кўз юмишни тақозо этади. Шунингдек, бу буйруқ аёлни тарбиялаш ҳамда унга дунёю охиратда фойдаси тегадиган нарсаларни ўргатиб, таълим беришни ҳам лозим тутади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир ҳадисларида: “мўмин эр мўмина хотиндан нафратланмасин, агар унинг бир хулқини ёмон кўрса, бошқа хулқи туфайли ундан рози бўлиб кетаверади”, дейилади (Имом Муслим ривояти). Яъни, эр хотининг айрим феълидан ғазабланса, оилани бузиб юборишга шошилмаслик, шу туфайли хотинини ёмон кўриб қолмаслик лозимлиги, балки, унинг яхши одатларини ҳам кўз олдига келтириб, шу билан кўнглини тўқ қилиб юриши кераклиги келиб чиқади. Шунингдек, Эр хотинига хушфеъл бўлиши, у билан яхши муомала қилиши, бирга фаровон ҳаёт ўтказиши, унга озор етказмаслиги керак. Бу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига амал қилган бўлади. Имом Термизий ривоят қилган қуйидаги ҳадисга қулоқ тутамиз: وَخِيَارُكُمْ خِيَارُكُمْ لِنِسَائِهِمْ яъни: «Сизларнинг энг яхшиларингиз хотинларига нисбатан яхшиларингиздир».
2. Аёлнинг эри зиммасидаги иккинчи ҳаққи бу маҳр ҳаққидир. Бу аёлни икром қилиш, унга яхшилик қилиш бобидандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда эрларни аёлларининг мазкур ҳақларига риоя қилишга чақириб: “وَآتُواْ النَّسَاء صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَةً ” яъни “хотинларига маҳрларини ҳадя каби (яъни чин кўнгилдан) берингиз” (Нисо сураси: 4 -оят), дея амр этган.
3. Эр хотиннинг озорини кўтариши, у ғазабланганида ва жаҳли чиққанида мулойим бўлиши, унинг хатоларини кечириши керак. Бундай қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилишдир. Имом Муслим ривоят қилишларича, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расуллулоҳдан бошқа оиласига меҳрибонроқ бирор кишини кўрмадим».
4. Эркак аёлини қизғаниши, унинг ор-номусини сақлаши керак. Оқибати бузуқ бўладиган ҳар қандай ҳолга бепарво бўлмаслиги лозим. Аммо ёмон ўй, ўта талабчанлик ва гумонда ҳаддан ошиш дуруст эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар. Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ эрни оиласини хиёнатда гумон қилиб кечқурун келишдан қайтарганлар».
5. Эр хотиннинг ўзига алоҳида жой қилиб бериши, унда эрнинг яқинларидан ҳеч ким бўлмаслиги керак.
6. Эр хотинининг озиқ-овқат ва кийим-бош каби эҳтиёжларини исроф этмай, етарли таъминлаши керак. Эр оиласига сарфлаган харжлари учун ажр ва савобга эришади. Имом Бухорий ва Муслим "Саҳиҳ"ларида шундай келган: "Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: ("إِنَّكَ لَنْ تُنْفِقَ نَفَقَةً تَبْتَغِي بِهَا وَجْهَ اللَّهِ إِلَّا أُجِرْتَ عَلَيْهَا حَتَّى مَا تَجْعَلُ فِي فَمِ امْرَأَتِكَ" (متفق عليهяъни: "Сен Аллоҳ таоло розилигини истаб қилган ҳар қандай харжинг учун ажр оласан. Ҳатто хотининг оғзига солган таоминг учун ҳам сенга ажр бор». Шунингдек, бу масалада яъни нафақа масаласида эр ўзининг иқтисодий ҳолидан келиб чиқиб иш кўради. Хотиннинг битмас-туганмас талаб ва хоҳишлари учун ўзини ўтга чўққа уриб, ношаръий ва ноқонуний йўллар билан пул топишга киришмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “لِيُنفِقْ ذُو سَعَةٍ مِّن سَعَتِهِ وَمَن قُدِرَ عَلَيْهِ رِزْقُهُ فَلْيُنفِقْ مِمَّا آتَاهُ اللَّهُ لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْساً إِلَّا مَا آتَاهَا سَيَجْعَلُ اللَّهُ بَعْدَ عُسْرٍ يُسْراً” “Бой-бадавлат киши ўз бойлигидан (яъни ўз бойлигига ярашадиган тарзда) нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда Аллоҳ ўзига ато этган нарсадан (ўз ҳолига яраша) нафақа берсин. Аллоҳ ҳеч бир жонга Ўзи унга ато этган нарсадан бошқа нарсани юкламас. Аллоҳ танглик-камбағалликдан сўнг енгиллик-бойликни ҳам пайдо қилур” (Талоқ сураси: 7-оят).
7. Эр хотинининг иффатини сақлаши лозим. Хотинини ҳаромдан ҳимоя қилиш эрга вожибдир.
8. Эр хотинини яхши кўрса, жуда ҳурматлаши лозим, ёмон кўрса, зулм қилмаслиги керак. Истаса, чидаб яшасин ё яхшиликча ажралсин. Аёлни фақат мардлар қадрлайди, пастлар хорлайди.
Тегирмон ҳам навбати билан дегандек, эрнинг ҳам ўз хотини устидаги шаръий ҳақ-ҳуқуқларини билиб қўйишимиз лозимдир. Токи, аёлларимиз мазкур ҳуқуқларга оғишмай амал қилганларида оилавий бахт саодат ҳосил бўлсин. Зеро, оиланинг давомийлиги эр хотиннинг бир-биридан розилиги ва бир-бирининг ҳақларини адо этишига чамбарчас боғлиқдир. Хотин киши эрининг ҳақларини билиб, уларни адо қилганидагина солиҳа хотин бўлади. Эрнинг хотин зиммасидаги энг муҳим ҳақлари қуйидагилардир:
1. Хотиннинг эрига нисбатан энг биринчи бурчи, ёхуд эрнинг ўз аёли устидаги энг биринчи ҳаққи бу – аёл кишининг эрига итоаткор бўлишидир. Аёл Аллоҳга маъсият ҳисобланмайдиган барча ишда эрига итоат қилиши лозим. Бусиз ҳаёт ҳаёт бўлмайди. Аёл киши оилада ўз ўрнини билмас экан, эрига итоатсиз, ўжар-қайсар бўлар экан, ундай оиланинг давомийлиги ва мустаҳкамлиги ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Аёл киши эрига гап қайтарадиган, ҳурматсизлик қиладиган, одобсиз бўлса, Аллоҳ асрасин, бундай оила тагидан емирилган оила ҳисобланади ва эртами-кечми у қулаб тушади, парчаланиб кетади. Аёлнинг эрига итоат қилиши нақадар буюк фазилат ва бахт эканлиги ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: إذا صلِّت المرأة خمسها، وصامت شهرها، وحفظت فرجها، وأطاعت زوجها، قيل لها: ادخلي الجنة من أيِّ بابٍ شئت" . яъни: “аёл беш вақт намозини ўқиса, (йилда) бир ой (фарз) рўзасини тутса, ўз фаржини ҳаромдан сақласа ва эрига итоат қилса, унга “жаннатнинг истаган эшигидан кир!”, дейилади” (Табароний ривояти). Эрнинг аёл устидаги мазкур ҳаққи, яъни аёл киши мубоҳ ишларда эрига итоат қилиши масаласига аёл киши эрининг рухсатисиз нафл рўза тутмаслиги, унинг рухсатисиз нафл ҳаж қилмаслиги, унга айтмасдан уйидан чиқиб кетмаслиги, унинг розилигисиз уйдаги нарсалардан бировларга садақа ва эҳсон қилмаслиги ҳам кириб кетади. Ислом шариатида эрга итоат қилиш аёл кишига вожиб бўлишининг ҳикматларидан бири шуки, эрнинг ўз аёли устидаги ҳақлари ва фазли оиланинг бошқа аъзоларига нисбатан буюкдир. Эр туфайли аёл киши ҳурматга сазовор бўлади, эр туфайли унинг кам-кўсти бутланади. Эр туфайли аёл оиланинг ҳурматли бекасига айланади. Эр туфайли аёл киши ёмон кўзлардан, ёмонлардан муҳофаза қилинади, ҳимояланади. Эри йўқ аёлга - у аёл ҳарқанча яхши аёл бўлмасин - бегоналар, қалбида марази бор кимсалар кўз олайтиришлари, шаҳвоний жиҳатдан умидвор бўлишлари мумкин. Ўз ҳирс ва таъмалари туфайли унинг кетидан тушиб, тегажоқлик қилишлари мумкин. Аммо, эри бор аёлга нисбатан бундай ҳолатлар камдан-кам содир бўлади. Умуман аёл киши ҳаётда ҳар томонлама эридан қарздор. Ҳаётдаги барча ютуқлари эри туфайли ҳосил бўлишини аёл киши унутмаслиги лозим. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “لو كنت آمراً أحداً أن يسجد لأحد، لأمرت الزوجة أن تسجد لزوجها، لعظم حقِّه عليها” яъни: “агар бирор кимсани бирор кимсага сажда қилишга буюрганимда (шу иш мумкин бўлганда) албатта, хотин кишини ўз эрига сажда қилишга буюрган бўлардим. Зеро, эрнинг хотин устидаги ҳаққи буюкдир”, дея марҳамат қилганлар. Бу ҳадисни Имом Ҳоким, Имом Аҳмад, Имом Термизий ва Имом Абу Довудлар ривоят қилишган.
2. Эрнинг аёли устидаги иккинчи ҳаққи шуки, аёл киши асосий вақтини уйда ўтказиб, фақат эрининг розилиги билангина кўчага чиқиши лозимлигидир. Чунки, мантиқан ўйлаб қаралса ҳам уй аёл кишининг фитрати ва табиатига мос бўлган фаолият майдони ҳисобланади. Эркак киши кўчадаги ишлар, пул топиш, рўзғор тебратиш учун масъул экан, ўз-ўзидан болаларни парваришлаш, уларни уй ичида едириб-ичириб ўтиришга, кийим-кечакларни ювиб дазмоллашга вақти бўлмайди. Бу табиатан аёл кишининг фитрий вазифаларидандир. Агар эр уй ичидаги юмушларга ҳам масъул қилинса, кўчадаги ишлар қолиб кетиб, зое бўлади, оиланинг сарф-харажатлари, турли туман тўловлар ким томонидан адо этилади?! Шундай экан, аёл киши кўпроқ вақтини уйда ўтказиши, фарзандларига ёрдамлашиши, уларнинг мактаб ёки боғчага вақтида боришлари учун вақтида уйғотиб, кийинтириб, бош-қош бўлиши, нонушта ва ҳоказоларини ўз вақтида тайёрлаб бериши, уй вазифаларига ёрдам бериши лозим. Бу нафақат Ислом шариатида балки, эътибор берсангиз бутун дунёда, ҳатто ғарб оламида ҳам шундай. Ўз фитрати ва табиатини йўқотмаган ўша оврўполик аёллар ҳам уйда фарзанд парвариши ва уй ишларини идора қилиш билан шуғулланади. Уй ишлари бир маромда кетиши учун аёл киши кўп вақтини уйда ўтказиши талаб этилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларга хитобан “وقرن في بيوتكن” яъни “уйларингизда қарор топинг!” деган (Аҳзоб сураси). Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: “حق الزوج على زوجته ألا تخرج من بيته إلا بإذنه، فإن فعلت لعنها الله حتى تتوب أو ترجع” яъни: “эрнинг ўз хотини устидаги ҳаққи аёлнинг эр рухсатисиз уйдан чиқмаслигидир. Агар шундай қилса, (яъни эр изнисиз кўчага чиқиб кетса) то тавба қилгунча ёки уйга қайтгунча Аллоҳ ундай аёлни лаънатлайди” (Байҳақий ва Таёлисий ривоятлари). Албатта, бу зикр қилинган оят ва ҳадислар аёл кишининг умуман кўчага чиқиши мумкин эмаслигини англатмайди. Балки, бу – уйнинг ишларини зое қилган ҳолда бесабаб, эрига айтмасдан кўчага чиқиб кетавериш, юримсак бўлиб қолиш каби салбий ҳолатларга тааллуқли. Ҳолбуки, эрига айтиб ўз эҳтиёжи учун кўчага чиқиш, ота-онасини кўриб келиш ва ҳоказолар албатта шариатимизда мумкин бўлган иш. Эр киши аёлини умуман уйга банди қилиб зулм қилмаслиги керак. Агар ўзаро розилик асосида бўлса аёл киши ҳатто ишга кириб, оилавий ҳолатга ўзининг ҳиссасини қўшиши ҳам мумкин. Аммо, динимиз Ислом аёлга енгиллик юзасидан оила нафақасини эрнинг зиммасига юклаб қўйган. Чунки, ҳам уй юмушлари, ҳам ташқарида пул топиш аёл кишига машаққат бўлади. Ҳозирги пайтда айримлар аёл умуман кўчага чиқмай, фақат уйда ўтириши керак, деб даъво қилса, бошқа бирлари эса аёлини ишлатиб қўйиб, ўзи уйда уларнинг ишини қилиб ўтиради. Ислом шариати бу икки йўлни ҳам бирдай қоралайди Жорий “Соғлом она ва бола йили”да ҳам аввало, аёл зотининг жамиятимиздаги ўрни ва нуфузини, ижтимоий фаоллигини янада ошириш, хотин-қизларнинг жамиятда қилаётган ишларини муносиб баҳолаш, ҳар қайси хонадонда уй бекаси бўлмиш опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилишга йўналтирилган кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда.
3. Хотин эрининг ҳаққини ўз ҳаққидан ва ҳамма яқинларининг ҳаққидан ҳам устун қўйиши керак. Чунки зиммасидаги эрининг ҳаққи жуда каттадир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:
لاَ يَحلُّ لامْرَأَةٍ أَنْ تَصُومَ وَزَوْجُهَا شَاهِدٌ إِلا بِإِذْنِهِ وَلاَ تَأذَنَ فِي بَيْتِهِ إلاَّ بِإذْنِهِ
яъни: «Аёл киши учун эри борида унинг изнисиз рўза тутиши ва унинг изнисиз уйига бировни киритиши ҳалол бўлмайди», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий).
4. Хотин уйига эрининг рухсатисиз ҳеч кимни қўймаслиги, эрининг уйидан унинг ижозатисиз бирор нарсани ўзининг яқинларига ҳам бериши керак эмас. Агар берса, хотинга гуноҳ, эрга савоб бўлади.
5. Шунингдек, эрнинг аёли устидаги ҳақларидан бири Хотин киши Аллоҳ таоло берган насибага рози бўлиши, эрига инжиқлик қилмаслиги керак. Маишат қийинчилиги ё ҳол ночорлиги учун ғазабланмаслиги ва оҳ-воҳ урмаслиги лозим. Балки хушнудлик ва қаноат либосини кийиб, эрининг ризқ топишдаги машаққатларини қадрлаши, ҳаром касбга ўтишидан қўрқиб, ундан ҳожатдан ортиғини талаб қилмаслиги даркор. Балки, эрини ҳам қаноатга ундаб, ҳаром йўллардан огоҳлантириши зарур. Момоларимиз эрларини кузатаётиб шундай дердилар: «Ҳаром касбдан сақланинг! Биз очлик ва қийинчиликка чидаймиз, аммо дўзах оловига чидай олмаймиз». Аёл киши ўз эрининг туйғуларини риоя қилишлиги, у ёқтирмайдиган ёки унга озор берадиган гап-сўз ва ишлардан йироқ бўлишлиги ҳамда эрининг молиявий шароитини ҳисобга олмоғи, эрининг уй ташқарисидаги масъулиятларини қадрлаб, уйга кеч келишидан безовта бўлмаслиги ёки шу борада эрига босим ўтказмаслиги лозим. Шунингдек, Эри тоқат қилолмайдиган даражада пул талаб қилмаслиги керак. Зеро, баъзи аёллар, эҳтимол кўплаб аёллар нуқул ўзга оилаларни, ўзга эрнинг ўз хотинига сарфлаган нарсаларини мисол қилган ҳолда эрларидан худди шундай таъминот талаб қиладилар. Ҳолбуки, дунёвий соҳада инсон ўзидан юқоридагига эмас, ўзидан пастроқдагиларга қараши айни ҳикматдандир. Ана шунда инсон ўзининг қанчалар кўп неъмат ичида эканлигини ҳис қилиб, шукр қилишни бошлайди. Шу маънода Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “ أُنْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ دُونُكُمْ وَلَا تَنْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ فَوْقَكُمْ ، فَإِنَّهُ أَجَدَرُ أَنْ لَا تَزْدَرُوا نِعْمَةَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ ” Яъни: “Ўзингиздан пастдагиларга қаранг, ўзингиздан юқоридагиларга қараманг! Зеро, шу иш (яъни ўзингиздан пастдагиларга қарашингиз) Аллоҳнинг сизларга берган неъматини камситмаслигингизга ундайди” (Имом Муслим ва Ибн Можа ривояти).
Бизчи, биз одатда ўзимиздан юқоридагиларга қараб тўн бичамиз, ўзимиздан кўра кўпроқ таъминланганларга қараб, оилада жанжал қиламиз. Мантиқан ўйлаб қарасак ҳам ўзидан тепадагиларга қараб иш тутган одам, ўзидан тепадагиларга қараб турмуш ўртоғини маломат қилган аёл, ўзидан пастдагиларга кўзи тушганда ўша турмуш ўртоғини мақтаб қўйиш мантиқан тўғри иш бўлган ва адолатдан бўларди. Аммо, не ажабки, биз фақат биртомонлама фикр юритадиган бўлиб қолганмиз. Ҳа, Аллоҳ ўз ҳикмати билан ҳамманинг шароитини ҳархил қилиб қўйган. Дунё кимгадир кенг кимгадир торроқ қилиб берилган. Кимки, шукр қилса, Аллоҳ унга неъматни зиёда қилади ва охиратда ажр ҳам олади. Аёл киши эрини қадрласа, унга миннатдорлик туйғуларини ўзининг муомаласи ва хатти-ҳаракатлари билан изҳор қилса, Аллоҳ ундай аёлдан рози бўлади. Зеро, инсонларга шукр қилмаган, инсонларнинг яхшиликларини билмаган одам Аллоҳга ҳам шукр қилмайди. Шу маънода Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, шундай деганлар: “لا يشكر اللهَ من لا يشكر الناس” яъни: “инсонларга шукр қилмаган киши Аллоҳга ҳам шукр қилмайди!” (Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
Уламолар ушбу ҳадисга шарҳ бериб қуйидаги сўзларни айтганлар: “яъни, бирор банда Аллоҳга Унинг эҳсони ва яхшиликлари учун шукр қиладиган бўлса, Аллоҳ унинг шукрини қабул қилмайди, модомики, ўша банда инсонларнинг яхшиликларига шукр қилмайдиган нонкўр бўлса”. Ҳадиснинг яна бир маъноси шундайки, “қайси инсоннинг одати одамларнинг яхшилигини билмаслик, қадрламаслик ва нонкўрлик бўлса, ундай инсон одатда Аллоҳга ҳам шукрни тарк қилувчи, ношукр бўлади. Чунки, берувчиси кўриниб турган, кичик яхшиликни қадрини билмаган ва кўра олмаган инсон катта яхшиликни ҳам кўра олмайди”. Яна бир ҳадисда эса: “إنَّ أَشْكَرَ الناسِ لله تعالى أشكرُهُمْ لِلناس ” яъни: “Аллоҳга энг кўп шукр қиладиган инсон одамларга энг кўп шукр қиладиган инсон бўлади”, дейилган.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: لا تُؤْذِي امْرَأَةٌ زَوْجَهَا فِي الدُّنْيَا إِلا قَالَتْ زَوْجَتُهُ مِنَ الْحُورِ الْعِينِ : لا تُؤْذِيهِ قَاتَلَكِ اللَّهُ فَإِنَّمَا هُوَ عِنْدَكِ دَخِيلٌ يُوشِكُ أَنْ يُفَارِقَكِ إِلَيْنَا яъни: «Қай бир хотин бу дунёда эрига озор берса, албатта, унинг ҳури ийндан бўлган хотини «Аллоҳ ҳалок қилгур(!), унга озор берма! У сенинг олдингда вақтинчалик меҳмон бўлиб турибди, холос. Яқинда сени тарк этиб, бизнинг олдимизга келажак», дея хитоб қилади (Имом Термизий ривоят қилган).
6. Хотин эрининг дўстига нотанишдек бўлиши лозим. Эри уйида бўлмаганида унинг дўсти эшик қоқса, ўзи ва эрига рашк қилиб, у билан сўзлашмасин. Зеро, киши дўстининг хотини билан танишар экан, бу ҳол рашк ва фитнага сабаб бўлади.
7. Хотин гўзаллиги билан эрига фахрланмаслиги, эри хунук бўлса, ёмон кўрмаслиги, агар бой бўлса, эри олдида моли билан ғурурланмаслиги керак. Балки эр томонини назарга олиши, уни ҳурмат қилиши ва қадрлаши лозим.
8. Хотин фарзандларига раҳм қилиши, уларни ҳурмат қилиши, фарзандларни уришиб лаънатлашдан тийилиши лозим. Чунки, бу нарса фарзанд тарбияси ва руҳиятига жуда салбий таъсир қилади.
Эр – оиланинг раҳбари. Агар аёл эрнинг итоатида бўлса, фарзандлар ҳам отага итоат қиладиган бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, аҳиллик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳкамланади, қут-баракали бўлади. Аёлнинг эрига итоатсизлиги эса оиланинг бузилишига ва бошқа кўплаб нохушликларга сабаб бўлади. Ушбу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон оиланинг ҳар бир аъзоси яхшилаб тушуниб олиши керак. Шу билан бирга, Аллоҳга гуноҳ бўладиган ишларда эрга ҳам, ундан бошқага ҳам итоат қилиш йўқлиги умумий қоида эканини ҳам билиб қўйиш керак.
Манба: Muxlis.uz
Одилхон қори Юнусхон ўғли
Мавзуга оид
10:55 / 13.12.2024
Камбағал оилаларга бириктирилган раҳбарларнинг 1 минг нафари натижа кўрсата олмади
16:28 / 02.12.2024
Болаликдаги қийинчиликлар миянинг ривожланишини секинлаштиради — тадқиқот
09:52 / 26.11.2024
10 ойда салкам 16 минг киши оиладаги зўравонлик учун жавобгарликка тортилди
17:26 / 08.11.2024