Жамият | 16:23 / 25.11.2016
27734
3 дақиқада ўқилади

Уч араб болакай мушукнинг кетидан қувиб ажалга юз тутди

Фото: gulfnews.com

Ҳесса, Муҳаммад, эгизаклар Султон ва Халифа - уларнинг ҳаммаси 4 ёшда бўлиб, болакайларнинг айни ўйнаб-куладиган, ҳаётдан завқланиб яшайдиган пайти эди. 

23 ноябрь, чоршанба кунининг иккинчи ярмида тўрт нафар қариндош болалар Ҳессанинг Ал-Аъйндаги уйи ташқарисида ўйнаётган бўлишган ва бу ерда кутилмаган ҳалокат юз берган. Gulf News шу ҳақида маълумот берди. 

"Ҳесса, Муҳаммад, Султон ва Халифа одатдагидек кўчада ўйнаш учун чиқиб кетишганди", - дейди тушкун кайфиятда болаларнинг қариндоши Умм Муҳаммад Ал-Ҳалилий.

"Болалар мушукни кўриб қолиб, унинг кетидан қувишга киришишган. Уларнинг оналари ва қариндошлари Аср намозини ўқиш учун кириб кетишганди.

Мушук уйнинг орқа тарафидаги сувга тўла қудуқнинг ёғоч қопқоғига сакраганини кўрган болалар ҳам унга қараб сакрашган.

Қудуқ қопқоғи кутилмаганда тушиб кетган ва болалар бирин-кетин қудуққа ағанашган. Қудуқ 20 йил аввал қазилган бўлиб, ҳозир ташландиқ аҳволда бўлган. 

Болалар Ал-Аъйндаги Ан-Наифиа туманидаги 50 метр чуқурликка қулашган. 

Болаларнинг оила аъзолари уларни бутун маҳалла бўйлаб қидиришган ва уларни қудуққа қулаганини билгач, шок ҳолатига тушишган". 

Ал-Аъйн полициясининг фавқулодда вазиятлар ва қутқарув департаменти бошлиғи майор Муҳаммад Солиҳ Ал-Билушийнинг нашрга билдиришича, полиция жамоаси хабар келиб тушиши билан дарҳол воқеа содир бўлган жойга қараб йўл олган. 

"Болалар қудуқдан чиқариб олинди. 4 ёшли Халифа Муҳаммад Ал-Дармакий тирик ҳолатда қутқариб олинган ва Ал-Аъйн шифохонасига етказилган, унинг эгиз укаси Султон Муҳаммад Ал-Дармакий ҳамда 4 ёшли қариндошлари - Ҳесса Саид Ал-Ҳалилий ва Муҳаммад Муборак Ал-Ҳалилий эса қудуқда ҳалок бўлишган. Ўлимнинг сабабини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда", - дейди Ал-Билуший. 

Болалар жиддий жароҳатлар олишган ва ҳаво етишмаслигидан жабр кўришган. 

"Халифа жароҳатлари битгач, шифохонадан қўйиб юборилди, бироқ у ҳалигача шок ҳолатида ва рўй берган воқеаларга ишонгиси келмайди", - қўшимча қилди Умм Муҳаммад. 

Бола қариндош-дўстларига нима бўлгани ҳақида гапиришдан бош тортмоқда. Ҳозирда Халифа психолог ҳузурида даволаш муолажаларини олмоқда. 

Ҳессанинг отаси Саид пайшанба куни Франциядан учиб келган. 

Болакайларнинг барчаси 2011 йилнинг охирида дунёга келган, улар бир боғчага қатнашган. Уч қариндош-бола жума куни Ал-Фажр намози ўқилганидан кейин Ал-Мутавиа қабристонига дафн этилади. 

 

Мавзуга оид