Россия футбол иттифоқининг ҳакамлик ва инспекторлар иши департаментининг ОАВ билан алоқалар бўйича расмийси Леонид Калошин "СЭ" нашрига берган интервьюсида Россия чемпионатининг 15-турида ҳакамлар жиддий хатоларга йўл қўйгани ҳақида айтди.
Унинг айтишича, "Локомотив" ва "Урал" учрашуви вақтида ҳакам Владимир Сельдяков Виталий Денисовни майдондан ҳайдамай хато қарор қилган. У "Краснодар" - "Зенит" учрашуви охирида ҳакам ёрдамчиси мезбонларнинг иккинчи голи урилиши вақтида офсайд ҳолатини қайд этмасдан хатога йўл қўйганини маълум қилган.
- "Локомотив" – "Урал" ўйини вақтида Владимир Сельдяков Виталий Денисовга қизил карточка кўрсатмади. Арбитр фақат сариқ карточка билан кифояланиб тўғри қилдими?
– Вазият очиқ-ойдин кўриниб турганди: ҳакам хато қарор қабул қилди. "Локомотив" камчилик бўлиб қолгач, рақибнинг гол уриш имкони ошган бўларди. Виталий Денисовга қизил карточка кўрсатилиб, у майдондан ҳайдалиши керак эди.
– Краснодардаги ўйин охирида ён қанот ҳаками Алексей Воронцов Измайлов "ўйиндан ташқари ҳолат"да қолганини қайд этмади, шу туфайли Игорь Шалимов жамоаси гол урди.
– Бу ҳам кўриниб турган вазият эди. Ассистент офсайдни кўрсатмай хато қилди. Бу эса "Краснодар" фойдасига ишлади.
"Локомотив" – "Урал" учрашувининг 50-дақиқасида меҳмонлар ҳужумчиси Георгий Чантурий дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб кетаётганида Виталий Денисов ортдан уни чалиб йиқитганди. Қоидаларга кўра, бундай фол учун қизил карточка кўрсатилади, аммо Сельдяков фақат сариқ карточка билан кифояланди.