Қирққа яқин талаба Краснодардан Фарғонага қайтмоқда. Ўзи нима бўлганди?
Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти ректори Краснодарга бориб, “3+2” ҳамда “3+3” дастурлари асосида Россияга ўқишга юборилган ўзбекистонлик талабалар билан учрашган. Бироқ ректор талабаларнинг ота-оналари билан бўлиб ўтган учрашувда берган ваъдасини бажара олмагани айтилмоқда. Талабаларнинг бир қисми Фарғонага қайтаётгани маълум қилинди.
Талабалар ректорнинг ваъдаларига ишониб, Россияга йўл олишгани, у ерга боргач эса Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти ва Кубан давлат тиббиёт университети ўртасида тузилган шартнома бекор бўлганидан хабар топишганини айтишмоқда.
Россиянинг Кубан давлат тиббиёт университети ҳамда Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти ўртасида тузилган шартномага кўра, «Даволаш иши» факультети талабалари Ўзбекистонда ва Россияда 3 йилдан жами 6 йил, «Стоматология» факультети талабалари эса 3 йил Ўзбекистонда, 2 йил эса Россияда таҳсил олишлари керак бўлган.
Талабаларга Россияга боргач, имтиҳон олиниши, ундан ўтганларгина ўқишни давом эттириши ҳақида олдиндан ҳеч қандай маълумот берилмаган. Имтиҳонлар бошлангач, бундан ажабланган талабаларнинг саволларига жавобан масъуллар бу шунчаки билим даражасини текшириб кўриш учун қилинаётгани, унинг натижаси ҳеч нарсани ҳал қилмаслигини айтишган. Бироқ икки босқичли оғзаки имтиҳондан сўнг талабаларнинг бир қисми ўқишда олиб қолиниб, қолганларга жавоб берилиши маълум бўлади.
Кубан давлат тиббиёт университети масъуллари ўзбекистонлик йигит-қизларни 1 сентябргача университет ётоқхонасини тарк этишлари кераклиги ҳақида огоҳлантирган. Шундан сўнг улар президент номига видеомурожаат йўллашга мажбур бўлишади.
Видеомурожаат ижтимоий тармоқларда кенг тарқалгач, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти маъмурияти берган хабарга таяниб, стоматология йўналиши 3-босқични битирган талабалардан Кубан давлат тиббиёт университетида олинган имтиҳон натижаларига кўра 25 нафари белгиланган баллни олиб, ўқишни давом эттиришга тавсия этилгани, қолган 21 нафар талаба имтиҳондан ўта олмаганини маълум қилди.
Шунингдек, вазирлик томонидан Kun.uz'га тақдим этилган маълумотда институт имтиҳондан ўтолмаган талабаларнинг Курск давлат тиббиёт университетида ўқишини давом эттириши, бунда контракт миқдори ўзгармаслиги ва талабаларнинг бориш-келиш харажатлари институт томонидан қоплаб берилиши қайд этилганди.
Ушбу воқеа ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлиши ортидан ФЖСТИ ректори Акмал Сиддиқов талабаларнинг ота-оналари билан учрашган. Учрашувда Фарғона вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Файзулла Қосимов ҳам иштирок этган.
Масъуллар тез орада фарғоналик ёшларни қийнаётган муаммоларга ечим топилиши, бунда талаб этиладиган барча харажатлар институт ҳисобидан қоплаб берилишига ишонтирган.
“Имтиҳондан ўтган талабалар Кубанда ўқишни давом эттираверади. Ўтолмагани Курскка бориб ўқийди. Курскдаям, Кубандаям ўқишни битирганлар иккита дипломга эга бўлади. Кубандан дипломини олиб келганлар университет кадрлар бўлимига бориб ариза ёзади ва шу ариза асосида иккинчи диплом берилиши ҳақида ректор буйруғи чиқарилади. Курскни битирганлар ҳам худди шу тартибда иккинчи дипломини қабул қилиб олади.
Энди имтиҳондан ўтолмаган талабаларнинг Курскка етиб бориши масаласи. Уларнинг пули йўқ деяпсизлар. Чипта пулини институт қоплаб беради. Орқага қайтишни ният қилманглар. Мумкин эмас. Қайтолмайсизлар. Мусофирчиликни кўринглар, тарбиясини олинглар, яхши билим олиб, бу ерга қайтиб шифокор бўлиб ишланглар. Бу ерда ўқиганинглар бўлмайди”, – деган ота-оналар билан учрашувда Акмал Сиддиқов.
Бироқ талабалар Kun.uz мухбири билан суҳбатда ректор уларни шу пайтгача турли баҳоналар билан алдаб келгани, энди унга ишона олмасликлари, Россияда таҳсил олишга рози бўлганлардан ташқари барчанинг ўқишини Ўзбекистонга кўчиришни сўрашмоқда.
“3-курсда ўқишни битириб, бу ерга келганимизда бизни 4-курсга ўқишга қабул қилмаймиз дейишди. 2019 йилда биз Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалига ўқишга кирганмиз. 2020 йилда бу филиал Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтига айлантирилди. Шунинг учун 2019 йилдаги шартнома ўз кучини йўқотган, 2020 йилда бошқа шартнома тузилиши керак бўлган. Ўша йили янги шартнома имзоланган-у, лекин унда бизнинг “3+3”, “3+2” қўшма дастурларида ўқишимиз ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган.
Бизни “перевод” учун имтиҳон қилишди. Мен имтиҳондан ўтдим, лекин ярмимиз ўта олгани йўқ. Лекин имтиҳондан ўтганларнинг тақдири ҳам ҳали аниқ эмас. Чунки имтиҳондан ўтган талабалар ҳам шартномамиз бўлмаса биз бу ерни битирганимиз билан дипломимиз нострификация қилингандан сўнггина Ўзбекистонда тан олинаркан, бу жараён эса жуда мураккаб, шу сабабли имтиҳондан ўтганлар ҳам Кубанда ўқимоқчи эмас.
Ректоримиз бизга имтиҳондан йиқилганлар Курскка бориб ўқишини айтди, лекин шартнома асосида эмас, негадир “перевод” асосида у ерга бориб таҳсил олиш масаласида тегишли жойлардан хат қилдириб қўйибди. Лекин талабалар бундан норози. Курскка ўтмаймиз, шартномамиз Кубан давлат тиббиёт университети билан тузилган, шунинг учун Ўзбекистонга қайтиб, ўз ҳуқуқимизни талаб қилмоқчимиз.
Биз қанча ҳаракат қилмайлик ҳаммасини бости-бости қилиб ташлашди. Масалан, Kun.uz'да ҳам муаммомиз ҳал қилингани ҳақида хабар чиқди. Лекин бу ерда ҳеч нарса ҳал бўлгани йўқ. Яъни берилаётган баёнотлар умуман ҳақиқатга тўғри келмайди.
Россиянинг бошқа шаҳарларидаги тиббиёт институтларига ўқишни кўчиришга ҳеч ким рози эмас. Буни элчихона вакилларига ҳам айтганмиз”, деди Kun.uz мухбири билан 30 август куни суҳбатлашган Мадина Зокирова.
Талабаларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхона ёрдами билан ўзбекистонлик талабалар ва Кубан давлат тиббиёт университети ректори ўртасида учрашув ташкиллаштирилган. Учрашувда хорижий давлат олий таълим муассасаси раҳбари ўзбекистонлик талабаларни қийнаётган масалалар Акмал Сиддиқов Россияга етиб келганидан сўнг муҳокама қилиниши ва унинг якунларига қараб ечим топилишини билдирган.
31 август куни Россияга етиб борган Акмал Сиддиқов Кубан давлат тиббиёт университети ректори билан биргаликда ўзбекистонлик талабаларни қабул қилган. Учрашувда у Ўзбекистонга қайтиш истагидаги талабалар фақат Фарғонада, ўзи раҳбарлик қиладиган институтдагина таҳсил олишлари мумкинлиги, бошқа ҳеч бир олий таълим муассасаси уларни қабул қилмаслигини айтган. Ўзбекистонга қайтишган тақдирда ҳам талабалар бир йилдан сўнг Кубан давлат тиббиёт университетига қайтиб келишлари, Россиянинг тиббиёт йўналишидаги бошқа ОТМларига трансфер қилишнинг имкони йўқлигини таъкидлаган. Ваҳоланки, ректор Фарғонада ота-оналар билан учрашув чоғида бошқача ваъда берганди.
Учрашувдан сўнг талабалардан Кубанда қолиб ёки Фарғонага қайтиб ўқишни давом эттиришга рози эканликлари, иккала университет раҳбариятига нисбатан ҳеч қандай эътирозлари йўқлиги ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйиб бериш сўралган. Ректор бу ҳужжатни Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этиши, ундан бу талаб қилаётганини билдиргани айтилмоқда.
Ўзбекистонга қайтадиган талабаларнинг йўлкираси, шунингдек, университет маъмуриятининг ташкилий ишларни тўғри йўлга қўёлмагани натижасида Россияга келиб-кетиш харажатлари қоплаб бериладими ёки йўқ, ҳозирча маълум эмас.
Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг сайтида 29 август куни эълон қилинган хабарда институтнинг қўшма таълим дастури талабалари Курск давлат тиббиёт университетида кейинги босқичда таълимни давом эттириш учун Курск давлат тиббиёт университетига қабул қилингани маълум қилинган. Бироқ бу хабар Кубан давлат тиббиёт университети имтиҳонларидан йиқилган талабаларга қанчалик алоқадор экани, агар алоқадор бўлса, неча нафар талабанинг ўқиши Краснодардан Курскка кўчирилиши очиқланмаган. Институт сайтида ректорнинг Россияга ташрифига оид сўнгги тафсилотлар келтирилмаган.
Сўнгги маълумотларга кўра, имтиҳондан ўтган ва Кубан давлат тиббиёт университетида ўқишни давом эттиришга рози бўлган талабалар Краснодарда қолган. Қирқ нафарга яқин талаба Фарғонага қайтиб, жамоат саломатлиги тиббиёт институтида яна бир йил таҳсил олишга кўнгани айтилмоқда. Таъкидланишича, улар келгуси йил қайта имтиҳон асосида Кубан ёки Курскдаги тиббиёт олий таълим муассасаларида ўқишлари мумкин бўлади.
Мавзуга оид
12:31
Краснодар ўлкасида мазут тўкилиши сабабли фавқулодда ҳолат жорий этилди
14:13 / 29.08.2024
Супер-контракт нархлари тасдиқланди
12:21 / 23.06.2024
Қашқадарёда йигит ўзига турмушга чиқишни хоҳламаган талаба қизни пичоқлади
16:21 / 20.06.2024