12:07 / 05.12.2016
58575

Сайлов натижалари арафасида: Ўзбекистондаги сайловлар тарихи

Ўзбекистонда ва дунёда 4 декабрь кунги президент сайлови натижаларини кутишмоқда. 2016 йилги сайлов мустақил Ўзбекистон тарихидаги бешинчи президентлик сайлови бўлди. Натижалар эълон қилинишига бир неча соат вақт қолганида Кун.ўз нашри ўқувчиларига аввалги сайловларга оид статистик маълумотларни келтириб ўтади.

1991 йилги президент сайлови
Ўзбекистонда илк президентлик сайлови 1991 йилнинг 29 декабрь кунида ўтказилган.

Биринчи сайловда икки номзод иштирок этган: Ўзбекистон халқ-демократик партиясидан Ислом Абдуғаниевич Каримов ва Эрк демократик партиясидан Муҳаммад Солиҳ. Сайловда сайловчиларнинг 94,2 фоизи (9,9 млн) иштирок этган. Унда катта устунликка эга бўлган Ислом Каримов 87,1 фоиз овоз билан (8 514 136) ғалаба қилган ҳамда Ўзбекистоннинг биринчи президентига айланган. 1 220 474 киши унинг рақибига овоз берганди - 12,5 фоиз. Ўша сайловда "Барчага қарши" овоз бериш ҳам мумкин бўлган ва бу танлов 36 525 киши томонидан амалга оширилган. 129 823 бюллетен эса ҳақиқий деб топилмаган.

2000 йилги президент сайлови
1995 йилнинг 26 мартида референдум бўлиб ўтади ва унда президент ваколатини узайтириш масаласи ўртага ташланади. Ушбу ташаббусни референдумда иштирок этганларнинг 99,6 фоизи қўллаб-қувватлаб, президент ваколати 2000 йилгача узайтирилади. Референдумда фақат 0,4 фоиз сайловчи "йўқ" жавобини билдирган. Давомат 99,3 фоиз.

2000 йилнинг 9 январида ўтказилган президентлик сайловида Ислом Каримов "Фидокорлар" партиясидан ўз номзодини қўяди. Унга Ўзбекистон халқ демократик партияси вакили Абдулҳафиз Жалолов рақиб бўлади.

Сайловда давомат 95,1 фоизни ташкил қилган (Бу сайловлар тарихидаги энг юқори кўрсатки). Унда 95,7 фоиз сайловчи (11 147 621 киши) Ислом Каримовга овоз берган (Ўзбекистондаги сайловлар тарихидаги энг юқори кўрсаткич), 4,3 фоиз сайловчи (505 161 киши) Абдулҳафиз Жалолов номзодини ёқлаган. 470 417 бюллетен ҳақиқий эмас деб топилган.

2007 йилги президент сайлови
2002 йил январида референдум билан Президент ваколат муддатига 7 йилга узайтирилади ва бу норма Президентнинг амалдаги ваколат муддатига татбиқ қилинади. Шундай қилиб, кейинги сайлов 2007 йилда ўтказилади.

Бу сафарги сайловда амалдаги президент Ислом Каримов янги тузилган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод бўлади. Унга Ўзбекистон халқ демократик партияси вакили Аслиддин Рустамов, “Адолат” социал-демократик партияси вакили Дилором Тошмуҳаммедова ҳамда мустақил номзод Акмал Саидов рақиблик қилган.

Сайловда сайловчилар фаоллиги 90,6 фоизни ташкил қилди (14,765,444). Натижаларга кўра, Ислом Каримов 13 миллиондан ортиқ сайловчининг овозига эга бўлиб, 90,76 фоиз тўплаган ва навбатдаги муддатга сайланган. Унинг рақиблари Аслиддин Рустамов, Дилором Тошмуҳаммедова ва Акмал Саидов мос равишда 3,27 фоиз, 3,03 фоиз ва 2,94 фоиздан овоз олишган.

2015 йилги президент сайлови
Президент ваколатининг иккинчи муддати 2014 йил декабрь ойида тугаши керак эди. Аммо парламент сайлови билан бир вақтга тўғри келиб қолиши муносабати билан сайлов парламент сайлови якунлари чиқарилганидан сўнг 3 ой ичида, яъни 2015 йил 29 март куни ўтказилган.

Бу сафарги сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 798 минг 52 нафар сайловчидан 18 миллион 942 минг 349 нафари овоз беришда иштирок этганини аниқлади. Бу сайловдаги давомат 91,08 фоизни ташкил қилганини кўрсатади.

Сайловчиларнинг 17 миллион 122 минг 597 нафари ёки 90,39 фоизи Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Ислом Абдуғаниевич Каримовни ёқлаб овоз берди. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан кўрсатилган номзод Акмал Холматович Саидовга 582 минг 688 нафар ёки 3,08 фоиз сайловчи, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзод Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмоновга 552 минг 309 нафар ёки 2,92 фоиз сайловчи, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Наримон Мажитович Умаровга 389 минг 24 нафар ёки 2,05 фоиз сайловчи овоз берди.

2016 йилги президент сайлови
2016 йилнинг сентябрида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов вафот этди ва махсус мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга асосан  шу йилнинг 4 декабрида муддатидан олдин Президентлик сайловлари ўтказилиши белгиланди.

Марказий Сайлов комиссияси маълумотига кўра, 4 декабрь куни бўлиб ўтган сайловда 17,94 миллион сайловчи иштирок этди ва давомат 87,83 фоизни ташкил қилди. Бу Ўзбекистондаги президентлик сайловлари тарихидаги нисбатан энг паст кўрсаткичдир. Юқорида айтилганидек, 2007 йилги сайловда давомат 90,06 фоизни, 2015 йилги сайловда эса 91,01 фоизни ташкил қилганди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари тўғрисидаги ахборот сайловдан кейин 10 кундан кечиктирмай Марказий сайлов комиссияси томонидан матбуотда эълон қилиниши белгиланган. Лекин одатда сайлов натижалари сайлов ўтгандан сўнг 1 сутка ичида эълон қилинади.

Бу йилги сайловнинг дастлабки натижалари 5 декабрь куни соат 16:00да эълон қилиниши кутилмоқда.

Сайлов натижалари расман эълон қилингач, 2 ой ичида янги президент инаугурацияси ташкил этилади. Давлат раҳбари ҳар бири 5 йил муддатдан икки маротабадан ортиқ сайлана олмайди.

Бу вақтга келиб, Либерал-демократлар партияси номзоди Шавкат Мирзиёев штабидагилар камида 80 фоизлик устунлик билан ғалаба қозонилгани айтилмоқда. Штаб сайловдаги ғалаба шарафига байрам торти ҳозирлаб қўйган.

Top