Фан-техника | 19:36 / 17.12.2016
7675
2 дақиқада ўқилади

Business Insider: Amazon юк ташишнинг янги усулини жорий қилмоқчи

Фото: Flickr

АҚШнинг Amazon компанияси Uber сервисига ўхшаш хизматни ташкил этишга қарор қилди. Унинг ёрдамида ҳайдовчилар ва етказиб берувчилар юк ташиш ишларини йўлга қўйиш учун бирлашади. Бу ҳақда, Business Insider нашри компания режаларидан хабардор манбасига таянган ҳолда хабар қилмоқда. 

Илова юк машинасининг ҳаракатланиш йўналишини жорий вақт бўйича кўрсатади ва маҳсулотни етказиб бериш қийматини маълум қилади. Бундан ташқари, сервис етказиб бериш хизмати учун тўловнинг бир неча усулини таклиф этади, деб аниқлик киритган манба. 

Илованинг мақсади — ҳайдовчи ва юкни жўнатувчи ўртасидаги воситачига барҳам беришдир. Одатда уларнинг хизмати юк ташишни ташкил этиш қийматининг 15 фоизидан иборат бўлади, деб қайд этади Business Insider.

Юк ташиш ишларини йўлга қўйган Convoy стартапи бу бозорни 800 млрд долларга баҳолаган. Ушбу соҳада фаолият юритувчи Trucker Path компанияси эса, янги технологияларни бу соҳага жорий қилиш мураккаб, деб ҳисоблайди. Чунки, кўплаб транспорт компаниялари кичик корхоналар бўлиб, уларнинг 90 фоизининг ихтиёрида олтидан ортиқ юк машинаси мавжуд эмас. 

Бироқ, Amazon ҳақида бундай дейиш ноўрин бўлиши мумкин. Бу компания тез суръатда ўсаётган товар айланмасига ва етказиб бериш тармоғига эга. Шу сабабли ўз хизматида ҳайдовчиларни топиш осонлашади, деб ёзади нашр. 

Шу билан бирга, Amazon ушбу хабарларни изоҳлашдан бош тортган. Business Insider эса, компания иловани 2017 йил ёзида ишга туширишини тахмин қилаяпти. 

2016 йил октябрида такси хизматига ихтисослашган Uber компанияси ўзининг Uber Freight юк ташиш хизматини синов тариқасида ишга туширган эди. Хизмат буюртмачи ва ҳайдовчининг бевосита ҳамкорлигини таъминлайди.

Мавзуга оид