20:03 / 18.12.2016
20873

Пентагоннинг ҳам ютуқлари борми?

Фото: Reuters

АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер The National Interest нашрида дастурий мақолани тақдим этди. Унда ёзилишича, Пентагоннинг асосий ютуғи доимий инновацияларнинг татбиқ этилишидадир. Эртами-кечми, улар АҚШ қуролли кучларига ишончли ғалабани олиб келувчи салоҳиятли қуролга айланади. 

Назарий физика фанлари доктори ва АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер янги сайланган президент Дональд Трамп инагурациясидан кейин Барак Обаманинг демократик маъмурияти билан бир қаторда ўз лавозимини тарк этади. У Пентагонни "беш бурчакли бино ташқарисида ҳам ўйлаш"га чақирди. 

"АҚШ қуролли кучларининг устуворлиги уларга умрбод берилган ҳуқуқ эмас. Бу ҳуқуқ устида ҳозирги рақобатли даврда қайта-қайта ишлаш керак", - дея таъкидлади Картер. 

Вазир Пентагоннинг ўзи томонидан ҳарбий идоранинг умумий сайтига уюштирилган хакерлик ҳужумлари борасидаги таассуротлари билан бўлишди. 

Унинг сўзларига кўра, "ҳужум"ларда иштирок этган ўсмир Дэвид Дворкин "ҳарбий кийимда юрмайди, АҚШ ҳукуматидан маош олмайди, бироқ бу йил у Америка қуролли кучларини янада қудратли бўлишига катта ҳисса қўшиб, ўз мамлакати хавфсизлигини мустаҳкамлади". 

АҚШ мудофаа вазирлиги сайтларини текшириш мақсадида амалга оширилган "ҳужум"да 1,4 мингга яқин дипломли "оқ хакер" (ахборот тизимларидаги камчиликларни топиб, қонун доирасида пул ишлайдиганлар) қатнашган. Ҳужумга старт берилган вақтдан бошлаб 13 дақиқа давомида АҚШ мудофаа вазири сервисларидаги илк камчиликлар топилди. Кун охирига бориб, уларнинг сони 138тани ташкил қилди. Дворкин томонидан аниқланган камчиликлар ҳам шулар жумласидандир. Хусусий компаниялар ҳам хавфсизликни таъминлаш мақсадида ана шундай чораларни қўллаб туришади. Дворкиннинг таъкидлашича, у Netflix ва Uber компанияларида ҳам бир қатор камчиликларни топиб, уларни компаниялар раҳбариятига етказган. У одатда бундай хабарларни муайян мукофот пули эвазига бажаради, лекин Пентагонга амалга оширилган хакерлик ҳужуми, ўсмирнинг сўзларига кўра, ватанпарварлик ва бурч ҳисси туфайли адо этилган.  

Картернинг маълум қилишича, BBC учувчисини тайёрлаш АҚШга умумий ҳисобда 150 мингга тушади. Ҳарбий идоранинг компьютердаги заифлигини баҳолаш ва унинг ҳимоясини тўлиқ текшириш учун ташқаридан бирор бир фирмани жалб этиш эса, ундан-да қимматга тушади. 

"Бироқ бу мудофаа вазирлигининг қобилиятли штат кибермутахассисларини шу турдаги ишлардан халос этиб, ўз эътиборини ундан-да муҳим нарсаларга қаратишга имкон беради", - деб ёзади Картер. 

Эштон Картернинг сўзларига кўра, Пентагон томонидан ташкиллаштирилган хакерлик ҳужумлари натижасида АҚШ ҳарбий идорасининг энг мураккаб технологик муаммолари ечими Американинг ҳар қандай фуқароси томонидан топилиши мумкин. 

"Мен АҚШ қуролли кучларининг инновацион маданияти билан фахрланаман ва мудофаа вазири сифатида армия, авиация ва флотда татбиқ этилган янгиликлар билан яқиндан танишман. Менинг мудофаа вазири сифатидаги асосий мажбуриятларимдан бири АҚШ қуролли кучларининг келажак учун инновацияларини татбиқ этиш: биз тезкор суратларда ўзгариб бораётган дунёдан-да  илгарилаб кетдик, кучли рақиблар орасида етакчиликни сақлаб келдик, энг такомиллашган технологияларни қўлладик, янги авлодларнинг талаб ва дидларини англаб, уларни мамлакатимизга жалб қилдик", - деб ёзади Картер. 

Картернинг сўзларига кўра, "пиёда ҳаракатланувчи инсон ҳеч қачон югуриш бўйича мусобақада ғолиб бўлмайди".

Эштон Картернинг фикрича, Америка учун 5 асосий хавф мавжуд бўлиб, уларнинг энг асосийси Россия агрессияси таҳдидидир.

Иккинчи ўринда - Осиё-Тинч океани минтақасидаги тарихий ўзгаришларни назорат қилиш зарурати. Унинг фикрича, бу "Америка келажаги учун фавқулодда муҳим ҳудуд" ҳисобланади. 

Учинчи поғонада - Шимолий Корея томонидан ядровий ва ракета ҳужумлари таҳдиди.

Тўртинчи ва бешинчи ўринларда - Форс кўрфазида Эроннинг "салбий таъсири", Ироқ ва Суриядаги ИШИДга қарши урушлар, шунингдек АҚШ иттифоқдошларининг Яқин Шарқдаги муҳофазаси. 

АҚШ мудофаа вазирининг таъкидлашича, глобал муаммоларни ечишдаги энг асосий омиллардан бири - технологиялар.

Картернинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда АҚШнинг илғор технологиялар борасида катта муваффақиятларга эришишига қарамай, уларнинг ҳам заиф томонлари мавжуд  ва рақиблар айнан шундан ўз мақсадларида фойдаланишга уринишади. 

"Сўнгги йилларда Россия ва Хитой каби мамлакатлар Қўшма Штатлар билан технологик фарқни енгиб ўтишга ҳаракат қилишмоқда", - деб ҳисоблайди Картер. 

Америка денгиз лабараториялари бугунги кунда автоном бошқарилувчи сув ости қурилмаларини ишлаб чиқармоқда. Картернинг фикрича, бу жуда муҳим, зеро "сув ости урушида устунлик Америка томонда бўлиши керак". 

АҚШнинг қуруқликдаги қуролли кучлари бугунги кунда артиллерия снарядлари ва бошқарилувчи ракеталар ҳимояси билан боғлиқ муаммолар устида ишламоқда. Бу келажакда баллистик траекториядаги мақсадли курашларни "арзонлаштириш"и мумкин. 

Ҳарбий ҳаво кучлари лабараториялари сунъий интеллект соҳасида инсон миясига монанд қурилмавий воситалар, дастурий таъминот ва тизимларга доир тадқиқотларни олиб боришмоқда.

Бундай технологиялар АҚШнинг ҳаво, коинот ва киберкенгликдаги имкониятларини янада кенгайтиришга ёрдам берарди. 

Эштон Картер бундан буён ҳам сўнгги вақтларда амалга оширилган узоқ муддатли инвестицияларни кераклича ҳимоя қилишга чақирди, зеро шундагина улар кўзланган натижаларни бериши таъкидланди. 


 

Top