Жаҳон | 21:15 / 18.12.2016
4665
2 дақиқада ўқилади

Фаластинлик ўсмир исроиллик ҳарбийлар билан тўқнашувда ҳалок бўлди

Фото: © AFP

Фаластинлик ўсмир Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида, Рамаллоҳ шаҳри яқинида исроиллик ҳарбийлар билан тўқнашувда ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Франс Пресс ахборот агентлиги. 

Воқеа 18 декабрга ўтар кечаси Байт-Рима қишлоғида юз берган. Ахборот агентлиги маълумотларига кўра, қишлоққа ҳарбийлар гуруҳи кирганда маҳаллий ёшлар уларга тош ота бошлашган. 

"Ўнлаб норозилар хавфсизлик кучларига тошлар отганлар, оқибатда чегара полициясининг бир вакили ярадор бўлган. Тўқнашувнинг авж олиши олдини олиш учун ҳарбийлар норозиларни тарқатиш бўйича чоралар қўллаган ва асосий тартиббузарлар томонига ўқ узишган", деб айтди Исроил армияси вакили. 

Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигида 19 ёшли, Аҳмад Хазам Атта исмли фаластинлик ҳарбийлар ўқидан ҳалок бўлгани маълум қилинди.

Исроил мудофаа вазирлиги вакили воқеа вақтида бир фаластинликнинг ҳалок бўлгани ва яна бирининг ярадор бўлгани ҳақидаги ахборот ҳали тасдиқланмагани ва текширилаётганини айтган.  

 

Мавзуга оид