Жаҳон | 16:43 / 19.12.2016
4120
2 дақиқада ўқилади

Хитойда 180 кунлик парвоз имитациясига доир тажриба якунланди

Хитойлик олимлар 180 кунлик парвоз имтиациясига доир тажрибанинг якунлангани тўғрисида хабар беришди. Тажриба доирасида 4 нафар кўнгиллидан иборат экипаж ХХР узоқ космосни ўрганишда қўллашни режалаштираётган технологияларни синовдан ўтказиб, 180 кун давомида ташқи дунёдан тўлиқ изоляция қилинди. Space.com шу ҳақида маълум қилди. 

"Бошқа сайёраларни ўз уйимизга айлантириш учун биз аввало, у ерда қандай кун кечириш - яшаш, нафас олиш, озиқ-овқат тайёрлаш, саломатликни сақлаш мумкинлигини ўрганиб чиқишимиз керак. Бизнинг тажрибамиз айнан шу масалаларни ечишга қаратилганди", - деди тадқиқот гуруҳи раҳбари Инхуэй Ли. 

"Марс-500"нинг муваффақияти хитойлик олимларга Гуандун провинциясида худди шундай мажмуа яратиш фикрини берди. Унинг ҳажми 1,4 минг куб метрни ташкил этади, бу "Марс-500"дан деярли уч карра катта, майдони эса 370 квадрат метрдан иборат. Лойиҳада хитойлик олимлардан ташқари, Ҳарвард ва Германия Аэрокосмик маркази (DLR) вакиллари иштирок этишди. 

Янги лойиҳа мажмуаси саккиз алоҳида блокка ажратилган бўлиб, уларнинг маълум бир қисми экипаж ҳаёти учун мўлжалланган бўлса, бошқаларида озиқ-овқат маҳсулотлари ва эҳтиёт қисмлари сақланади, яна бир қисми оранжерея ва ўсимликлар экиш учун ажратилган. Тажриба қатнашчиларининг сўзларига кўра, улар мажмуа ичида 25 хил қишлоқ хўжалик маҳсулотини етиштиришнинг уддасидан чиқишган. 

Манбага кўра, тажриба давомида ҳаётни қўллаб-қувватлаш тизимларини текширишдан ташқари, хитойлик биологлар ва психологлар руҳий стресс билан курашиш усулларини ҳам синовдан ўтказишган. 

Мавзуга оид