Жамият | 18:19 / 27.12.2016
20044
4 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги электр таъминотидаги узилишлар Kun.uz фаолиятига ҳам таъсир кўрсатди

Фото: РИА "Новости"

Бугунги кунда ҳаётимизда жуда ҳам кўплаб ўзгаришлар, янгиланишлар содир бўлмоқда. Фуқаролар манфаати кўзланган кўплаб қонунлар қабул қилиниши давом этмоқда.

Бироқ, айни кундаги баъзи бир мансабдор шахсларнинг лоқайдлиги кишини ҳайрон қолдиради. Хусусан, 27 декабрь куни Kun.uz сайти бир неча бор ишламай қолди. Бунга электр таъминотидаги узилишлар сабаб бўлди. 

Таҳририятимиз бир неча бор мутасадди ташкилотлар билан боғланишга уриниб кўрди. Натижада сансалорликка дуч келинди – яъни бир амалдор шахсга қўнғироқ қилсак, у бошқа бирини бизга рўкач қилишдан бўшамади. Якунда ташкилотнинг масъул шахсларидан бири бизга бир соат ичида ҳаммаси изга тушиши борасида ваъда берди.

Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрининг Мирзо-Улуғбек туманидаги баъзи бир мавзеларда электр таъминоти бир неча соат давомида бўлмаган.  Бу ҳолат оддий фуқароларга нақадар қийинчилик туғдириши ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Энг қизиқ томони шундаки, бу ҳолатларга ўзимиз ҳам кўникиб қолдик. 

Ушбу масала юзасидан биз боғланган мутасадди ташкилотдаги телефон оператори Мирзо-Улуғбек туманидаги электр нимстанцияларидан бирида авария бўлгани ҳақида хабар берди. Техника билан боғлиқ вазиятларда турли кутилмаган ҳолатлар юз бериши табиий ҳол. Аммо сўнгги вақтларда шу авариялар сони ҳаддан ташқари ортиб кетмадимикан? 

Бундан ташқари, биз билан алоқага чиққан операторнинг таъкидлашича, Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида қишки кунларда бир ҳафтада икки бора икки соатга электр таъминотини ўчириб қўйишга ҳам буйруқ берилган экан. 

Албатта, иш бор жойда камчилик ҳам бўлиши табиий бир ҳол. Аммо ҳамма раҳбар кадрлар ҳам мурожаатларга қулоқ тутиб, уни тезкорлик билан бартараф этиши шарт. Зеро, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида аҳоли мурожаатлари билан ишлашда сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтиш зарурлиги таъкидланди. Бу борада биринчи навбатда раҳбарлар – бу вазирлик ва идоралар раҳбарлари бўладими, вилоят, шаҳар, туман ҳокимлари бўладими – барчаси ўз зиммасига катта масъулият юклатилганини унутмаслиги лозим.

Давлатимиз раҳбари 2017 йилнинг мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани муносабати билан бу борада маҳаллий ҳокимлик ва бошқарув органлари олдида турган вазифаларга алоҳида эътибор қаратди. Раҳбарларнинг халқ ичига кириб, аҳоли билан самимий мулоқот қилиши, уларнинг дарду ташвишларини тинглаб, муаммоларга ечим топиши халқимизнинг давлатдан рози бўлиши ва турмуши фаровонлигига хизмат қилиши таъкидланди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳар бир мансабдор шахс ўзига келиб тушаётган аҳоли мурожаатларини синчковлик ва жиддийлик билан қабул қилиб олиши ва ҳамда улар юзасидан амалий ишларни бажариши шарт.

P.S. Kun.uz таҳририяти электр таъминотидаги узилишлар фақатгина ўзининг фаолиятига салбий таъсир этгани учунгина бу мавзуни кўтармади. Бизнинг мақсад – мансабдор шахсларнинг масъулиятини янада оширишга чақиришдан иборатдир.

Мавзуга оид