Жамият | 17:16 / 08.01.2017
70645
5 дақиқада ўқилади

Чироқсиз қолаётган шаҳрисабзликлар ёхуд икки қўлдан чиққан қарс

Шаҳрисабзда 4 декабрдан бошлаб электр таъминоти анча ёмонлашиб қолди. Туман ҳудудида эса бу ҳолат бир-икки ойдан бери давом этмоқда. “Анча ёмонлашди” деган сифатга аниқлик киритадиган бўлсак, бу суткасига 20 соат чироқ йўқ, 4 соат бор, дегани. Хулоса чиқаришга шошилмаймиз. Бу масалани имкон етганича кўриб чиқамиз.

Мутахассис нима дейди?

Мана шу ҳолат юзасидан Қашқадарё электр таъминоти корхонасининг мутахассиси билан боғланганимизда (у негадир исмини айтишни маъқул кўрмади) бизга қуйидагиларни тушунтириб берди:

“Ўтган йилнинг 29 декабридан жорий йилнинг 2 январига қадар бутун Қашқадарё бўйлаб одамларга байрам кайфияти улашиш мақсадида электр таъминотида узилиш ҳолати қайд этилмади. Бунга йирик заводларни тўхтатиб туриш ва Амударёдаги блокларни ишга тушириш орқали эришилди. Айни дамда Сирдарё ва Толимаржондаги блокларда иш кетмоқда. Айнан Шаҳрисабз ҳудудида 15-20 январь кунларига қадар электр таъминоти яхшиланади.

Бундан ташқари, одамларнинг фикрича, байрамда чироқ бериб, қолган кунлари ўчириб қўйилар экан. Бундай эмас! Гап шундаки, ҳар бир хонадонга ажратилган лимит бўлади. Улар ана шу лимитни электр печлари ўрнатиб, бир-икки соатга ёқиб қўйишяпти. Ёки электр энергиясидан ноқонуний равишда фойдаланганликлари туфайли ўша туман ёки шаҳар ҳудудидаги лимитларга жиддий зиён етяпти. Натижада трансформаторларга ортиқча юк тушяпти. Аслида гап бунда ҳам эмас. Муҳтарам президентимизнинг янги қарорига мувофиқ яқин 5 йил ичида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида электр таъминоти яхшиланади”.

Одамларга юзланамиз

Шаҳрисабзликлар билан гаплашганимизда, ўзини Собир деб таништирган киши шундай дейди: “Эй укам, гапиришга осон. Бир ҳафталик ўтиннинг нархи 400 минг сўм, у ҳам қуруқ шох-шабба. Майли деб сотиб оламиз. Аммо чироқ масаласи жуда қийин. Мен бозорда сотувчилик қиламан. Ишдан ҳориб келганимда, бир пиёла чой ичиб, дам олишни истайман. Аммо қоп-қоронғи уйда дам олиб бўлармиди?..”.

Яна бир аёл айтади: “Турмуш ўртоғим қаттиқ бир касалликка чалинганлар. Уйда ёш болалар бор. Шифокор турмуш ўртоғимни вақтинчалик алоҳида хонада ухласин, деган. У кишининг хонасига кичик ҳажмли электр печи ўрнатиб берганмиз. Чунки ўтинли печ ўрнатиш имкони йўқ. Аммо чироқ бўлмаган қишли кунларда, турмуш ўртоғимнинг туни билан йўталиб чиқиши, одамнинг юрагини сиқади. Бизнинг хонамизга ўтиб ётинг десам, унамайдилар. Нима қилишга ҳам ҳайрон қоласан...”.

“Мен уйимда кичик бир цех ташкил этганман. Жавонлар, турли мебеллар ишлаб чиқараман. Тўртта иш ўрни ташкил этилган. Ўзим билан ҳисоблаганда беш рўзғорнинг қора қозони қайнаб турибди. Аммо узоқ вақт чироқ бўлмагани сабаб электр энергияси билан ишлайдиган ускуналарим ҳеч ишга яроқсиз. Бу эса ишимга қаттиқ таъсир кўрсатмоқда. Ишчиларимга рухсат бермай, зарар кўрсамда, уларни олиб юрибман. Ахир шунча вақтдан буён ҳам чироқ бўлмайдими а? 20 соатлаб чироқ бермасликни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.”.

Доно халқимизда бир гап бор: “Қарс икки қўлдан чиқади”. Раҳбарият халқни, халқ раҳбариятни айблашда давом этса, у юртда тараққиёт бўладими? Олиб борилаётган ислоҳотлар, ўйлаб чиқилган ва ҳаётга татбиқ этилаётган ғоялар тақдири хотинларнинг “бор товоғим, кел товоғим”ига ўхшаб қолмайдими?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мана бундай гаплари билан гапимизга якун ясамоқчимиз: “Халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини қарор топтириш бугунги кунда энг асосий вазифамизга айланиши шарт. Биз барпо этаётган ҳуқуқий давлатда адолатсизликнинг ҳеч қандай кўринишига йўл қўймаслик даркор. Негаки, одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди”.

Сарвар Анвар ўғли

Мавзуга оид