15:33 / 11.01.2017
32613

«Yes we can. Yes we did». Барак Обаманинг даври тугади

АҚШ президенти Барак Обама сешанба куни кечқурун америкаликлар олдида давлат раҳбари сифатида сўнгги нутқини сўзлади ва унда ўзининг саккиз йиллик президентлик фаолиятини сарҳисоб қилди.

Обаманинг фикрича, натижалар ижобий: ҳамжиҳатликдаги хатти-ҳаракатлар самараси ўлароқ, “Америка 2009 йилга нисбатан янада фаровон ва қудратли бўлди”.

Ўз лавозимини тарк этаётган президентнинг фуқароларга етказмоқчи бўлган асосий ғояси - “Америка демократияси буюклиги” ҳамда уни ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилиш заруратидан иборат бўлди.

Обама Россия ва Хитойни дунёдаги таъсирига кўра, АҚШ билан тенглаша олмайдиган рақиблар деб атади.


Трампнинг сояси

20 январь куни президент лавозимини Обаманинг асосий сиёсий рақибларидан бири бўлган республикачи Дональд Трамп эгаллайди. Ноябрь ойида миллиардер АҚШ президентлик сайловларида ғалаба қозонди. Бу афроамерикалик илк президентнинг кўплаб ислоҳотларини хавф остига қўяди.

Эҳтимол, айнан шунинг учун сайлов олди кампаниялари вақтида бошланган “айтишувлар” асорати Обаманинг сўнгги мурожаатида ҳам сезилди, ҳолбуки у ўз рақибининг фамилиясини фақат бир маротаба тилга олди – у ҳам бўлса, ҳукуматни “тинч йўл билан топшириш”га ваъда берганида. Бироқ ишоралар етарлича бўлди.


Савдо ва соғлиқни сақлаш

Обама янги сайланган АҚШ президентининг эркин савдо келишувлари ишчи ўринларни йўқотишга олиб келишига доир фикрига қўшилмади.

“Бизнинг савдомиз нафақат эркин, балки адолатли ҳам бўлиши кераклигига қўшиламан. Бироқ иқтисодий талофатларнинг кейинги тўлқини четдан келмайди. У ўрта тоифадаги кўп яхши иш ўринларини бекор қилувчи автоматлаштирувнинг тезлашиши натижасида содир бўлади”, - деди амалдаги давлат раҳбари.

Бу Трампнинг Транс-тинч океани ҳамкорлигига доир келишувдан чиқиш таклифига тўғридан тўғри жавоб бўлди.

Обама ўзининг асосий “фарзанди” – соғлиқни сақлаш ислоҳотини бундан-да қатъий ҳимоя қилди. Унинг сўзларига кўра, бу миллионлаб ночор америкаликларга тиббий хизматлардан фойдаланиш имконини берди. Бироқ республикачиларнинг таъкидлашича, бу кўплаб бошқа америкаликларга тиббий хизматларнинг қимматга тушишига олиб келди.

Бундан аввал Трамп Обаманинг соғлиқни сақлаш ислоҳотини “бекор қилиш ва алмаштириш” ниятида эканлигини маълум қилган. Бугунги кунда икки палатани ҳам республикачилар назорат қилаётган конгрессда бу борада баҳс-мунозаралар кетмоқда.


Демократия хавф остида

Барак Обама, энг аввало, Америка жамияти ва бутун дунёнинг иқтисодий эмас, маънавий қадриятлар муҳофазасидан хавотирда, зеро унинг фикрича, Америка дунё етакчиси ҳисобланади.

Ўз партияси учун муваффақиятсиз кечган сайловларни ёдга олар экан, президент мамлакат ичидаги демократияга оид бир қатор муаммоларга диққатни қаратди.

“Институтларга нисбатан ишонч паст даражада бўлган бир пайтда биз пулларнинг сиёсатимизга ҳалокатли таъсирини қисқартиришимиз ва давлат хизматида ошкоралик ҳамда ахлоқ тамойилларида собит туришимиз керак”, - деди Обама.

Конгрессдаги икки етакчи партия ўртасидаги келишмовчиликлар Обаманинг президентлик даврида унга ҳам, конгрессга ҳам зарур ислоҳотларни ўтказишга ҳалақит берди.

“Барчамиз, қайси партия бўлишидан қатъи назар, демократик институтларимизни қайта тиклашга киришишимиз лозим”, - дея таъкидлади Обама.

Давлат раҳбари шунингдек демократия ва қонунларга ҳурматнинг заифлашуви фуқаролик ва халқаро урушлар таҳдидини келтириб чиқаришидан огоҳлантирди. Шу боис бутун дунёда демократия идеаллари учун курашиш зарурлигини қайд этди.  

“Бизнинг ҳаёт тарзимизни ҳимоя қилиш фақат армиядан кўпроқ нарсани талаб қилади. Биз ўз қадриятларимизни заифлаштириш натижасида демократияни йўқотишимиз мумкин. Шунинг учун биз, фуқаролар, ташқи агрессияга қарши ҳушёр бўлмоғимиз даркор, қадриятларимизнинг заифлашишига йўл қўймаслигимиз керак”, - деди Обама.

Шу ўринда у президентлик лавозимида охир-оқибат ёпилмаган Гуантанамодаги қамоқхонанинг ёпилиши тарафдори бўлгани, фуқароларни назорат қилиш органлари амалиётини ислоҳ қилгани, “қийноқларга чек қўйиб”, терроризм билан курашганини эслатиб ўтди.

“Айнан шунинг учун мен мусулмон америкаликларнинг камситилишга қаршиман”, - дея маълум қилди Обама залдаги олқишлар фонида.

“Эркинлик ва қонунни ҳурмат қилиш бутун дунё бўйлаб қисқарар экан, миллатлар орасидаги ички урушлар эҳтимоли ва бизнинг эркинлигимиз охир-оқибат хавф остида қолади”, - деб ҳисоблайди у.


Дунё тартибига таҳдид

Обаманинг фикрича, дунёдаги тартиб-интизомга ислом номидан иш қилувчи фанатлар ва баъзи мамлакатлардаги диктаторлар хавф солмоқда.

Давлат раҳбари Америка демократияси учун бундай хавф-хатарлар “мина ўрнатилган автомобиль ёки ракета”дан каттароқ таҳдид туғдиришини таъкидлади.

Терроризм таҳдиди ҳақида гапирар экан, Обама унинг президентлик даврида (8 йил ичида) Америка махсус хизматлари ва ҳарбийлар “ўн минглаб террорчилар”ни йўқ қилганига тўхталиб ўтди. 

Шунингдек Обама рақибларни эслаб ўтишни ҳам жоиз деб топди:

“Россия ва Хитой каби рақиблар бизнинг дунёга таъсиримиз борасида тенглаша олмайди, агар биз қадриятларимиздан воз кечмасак, албатта”, - деди у.


Обаманинг фахри

Обама Чикагода, McCormick Place марказида кўп мингли аудитория олдида чиқиш қилди. Америкаликлар билан хайрлашиш учун айнан шу шаҳарнинг танланганлиги бежиз эмас – Обама узоқ йиллар Чикагода яшаб, ишлаган. Унинг сиёсий карьераси ҳам шу шаҳардан бошланган. Ўз ватандошининг нутқини аудитория завқ билан қарши олиб, қарсаклар ва қувонч ҳайқириқлари билан кузатди.

Америка етакчиси у учун ким ибрат бўла олиши, кимни ҳақиқий дўсти деб билиши ва ким билан фахрланишини айтиб ўтди.

“Сен мен учун ибрат бўлдинг, сен мени фахрланишга мажбур қилдинг ва бутун мамлакат сен билан фахрланди”, - деди Обама турмуш ўртоғи Мишельга мурожаат қилиб. 

Турмуш ўртоғи ҳақида гапираётган пайтда Обама кўз ёшларини зўрға тийиб турганини сезиш қийин бўлмади, Мишель эса ўзини жуда хотиржам тутарди.

“Сўнгги 25 йил сен менинг аёлим, фарзандларимнинг онаси, асосийси – менинг дўстим бўлиб келдинг”, - деди Обама.

Турмуш ўртоғига миннатдорчилик билдирган Обама залдаги 18 ёшли қизи Малияга қарата мурожаат қилди.

“Ҳаётимдаги энг катта фахр туйғусини сизнинг отангиз эканлигимдан туяман”, - деди президент ўз фарзандлари ҳақида (кенжа қизи - Саша залда йўқ эди).

Шунингдек Барак Обама вице-президент Жо Байден унга ўз акасидек бўлиб қолганини таъкидлади.

Обама ўз нутқини саккиз йил аввалги сайлов олди шиори билан тугаллади:

«Ҳа, биз бунинг уддасидан чиқамиз!» («Yes we can»). Бироз жимликдан сўнг «Ҳа, биз уддаладик!» («Yes we did»)

Обама ниманинг уддасидан чиқди-ю, нимага эриша олмаганига оид баҳслар Америка жамиятида ҳали узоқ давом этади. Бироқ шуни инкор қилиб бўлмайдики, 20 январь куни у ҳукуматни ўз иттифоқдошларидан бирига эмас, унинг “мероси”ни хавф остига қўядиган ва унинг аксарият ислоҳотларини ўзгартириш ниятида бўлган инсонга топширади.

 

Top