20:58 / 13.01.2017
11773

Интернетда 1950-йиллар телешоусидаги ёвуз Трампга эътибор қаратилди

Фото: CBS

1950-йилларда намойиш қилинган америка сериали Trackdown’да қиёмат қойимдан сақланиш учун шаҳар атрофида девор қурмоқчи бўлган Уолтер Трамп исмли қаҳрамон аниқланди. Бунга Snopes портали эътибор қаратди.

Сериалнинг бу эпизоди 1958 йилда CBS телеканали орқали намойиш қилинган ва "Қиёмат қойим" деб аталган.  Уолтер Трампни "Юлдузли йўл" сериалининг режиссёри ва актёр Лоуренс Добкин ижро этган.

YouTube’да бу эпизод 2016 йил ноябрда "Бу телешоу 1958 йилда Дональд Трампнинг пайдо бўлишини башорат қилган" деган ёзув билан пайдо бўлганди, бироқ фойдаланувчилар бу роликка эндигина эътибор қаратишди. 

Сюжетга кўра, Уолтер Трамп шаҳарликларни уларга оловли ёмғир хавф солаётгани ва бу фалокатдан уларни фақатгина у қутқариб қолишига ишонтирмоқчи бўлади. Маҳаллий полициячи аслида Трамп унинг найрангларини шаҳар ташқарисида ҳеч ким билмаслиги учун девор қурмоқчи бўлган фирибгар эканлигини аниқлайди. 

Эпизод охирида Трамп ҳибсга олинади.

Ноябрда ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари "Симпсонлар" мультсериалининг 16 йил аввалги эпизодларидан бирига эътибор қаратишганди. Унда бош қаҳрамонлардан бири Лиза Симпсон Трампдан кейин АҚШ президенти бўлади ва мамлакат тўлиқ инқирозда эканлигини аниқлайди. Унга маслаҳатчилари бу инқироз Трампнинг ўзини оқламаган инвестициялари сабабли юз берганини тушунтиришади.

  

Top