10:10 / 14.01.2017
66385

Ўртага ташланган танга: Шаҳрисабзнинг чироқ масаласи унинг қайси томонида?

2017 йилнинг 8 январь куни сайтимизда “Чироқсиз қолаётган шаҳрисабзликлар ёхуд икки қўлдан чиққан қарс” деб номланган таҳлилий мақола эълон қилинди. Унда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидаги электр таъминоти билан боғлиқ муаммо кўтарилган. Шу сабаб бу масалага янада кенгроқ ёндашишни мақсад қилдик.

Ўзбекистон аҳолисини электр таъминоти билан тўлиқ таъминлаш бугуннинг асосий масалаларидан бирига айланди. Бу ҳақида мақолалар ёзилмоқда, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамалар бўлиб ўтмоқда. Ҳар бир муаммонинг туб моҳиятига етиб бориш ва уни ҳал этиш учун, аввало, унга холис ёндашмоқлик талаб этилади. Бу нега керак? Чунки ҳеч ким “Айб биздан ўтибди, узр”, демайди. Шу сабаб борини, ўз ҳолича ўрганиш, эшитиш, ҳал этиш зарурдир. Жумладан, электр таъминоти муаммосини ҳам.

Танганинг биринчи томони

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Қашқадарё вилояти, хусусан, Шаҳрисабздаги электр таъминотининг ёмонлашгани ҳақида мақола чиқарган эдик. У кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Аммо масала ҳамон очиқлигича турибди. Бу ишлар, албатта, тезда ҳал этилмайди. Хўш, унда қачон? Аниқ муддат-санаси борми? Шу масалага янада чуқурроқ “шўнғиш учун” Қашқадарё ҳокимияти билан боғландик. Улуғбек Авазов деган мутахассис мавжуд имкониятни имкони борича тушунтириб ўтишга ҳаракат қилди.

Қашқадарё вилоятининг электр таъминотидан қарзи 460 миллиард сўмни ташкил этади. Вилоятнинг электр энергияси бўйича кунлик сарф-харажати 3 миллиард сўмдан иборат. Шундан 1,3 миллиарди аҳоли эҳтиёжига сарфланади. Аммо аҳоли томонидан қиш мавсумида электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг ошиб кетиши сабаб, бу қиймат янада кўтарилади. Энг ачинарлиси аҳолининг ўз қарздорлигини ёпишни истамайди. Масалан, қишнинг совуқ кунларида хонадонларни иситиш учун электр печкаларидан фойдаланишга тўғри келади. Бу эса мавжуд электр таъминотининг белгиланган лимитидан ошиб кетишига сабаб бўлади. Бунинг олдини олиш мақсадида аҳолига 1 тоннаси 126 минг сўм бўлган кўмир сотилмоқда. Ушбу кўмирни узоқ муддатга ёқса бўлади, аммо 126 минг сўмлик электр энергияси билан ҳеч қанча муддатга уйни иситиб бўлмайди. Қолаверса, бу ҳам насия қилинади”.

“Яна бир гап”, - дейди мутахассис. “Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қарорга мувофиқ электр тежовчи лампочкалардан фойдаланиш зарур. Бу ҳам истеъмолчига, ҳам давлатга фойдалидир”.

Қашқадарё вилояти энергия сотиш департаменти мутахассиси Шавкат Холов билан боғланганимизда, у бизга қуйидагиларни гапириб берди:
“Қашқадарё вилоятидаги қарздорлик ҳолати ҳар қайси туманда турлича. Масалан, Шаҳрисабзга қўшни бўлган Китоб туманида қарздорлик даражаси паст. Шаҳрисабзда эса бу ҳолат юқори. Масалан, туман бўйича бир суткага 600 минг киловатт соат ажратилади. Аҳоли эса мана шу лимитни узоғи билан 4 соатга яқин вақт оралиғида тугатиб қўймоқда. Натижада бир суткада шу туманнинг ўзига 1 миллион 200 минг киловатт соат электр энергияси сарф бўлмоқда. Янада аниқроқ айтиладиган бўлса, ҳар бир хонадонга 2 киловатт соатдан электр энергияси ажратилган, аммо сарфланиш кўрсаткичи бундан анча юқори”.

Хўп, гаплар тушунарли бўлди. Оддий савол ўртага чиқади: “Агар мен умуман қарздор бўлмасам, сарфлаган электр энергиямнинг пулини ўз вақтида тўлаб бораётган бўлсам, меникида чироқ ўчмайдими?”.

“Ўчади! Негаки, бунга ён-атрофдаги қарздор қўшнилар, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланётган одамлар сабаб, сиз ҳам чироқсиз қоласиз, дейди мутахассис. Бунинг учун маҳалла оқсоқоли, маҳалла фаоллари билан қарздор ёки ҳисоблагич ўрнатмаган ҳолда электр энергиясидан фойдаланётган хонадонларни айланиб чиқиб, уларга тушунтириш ишлари олиб бориши керак”, деб қўшимча қилди у.

Танганинг иккинчи томони

Ҳиссиётга берилмай, ётиғи билан ўйласак, мутахассислар қайсидир томондан ҳақ. “Менга нима?”, деган гап кетмайди ҳозир. Ана шу гап сабаб ҳозир инсоният бошига минглаб балолар ёпирилган. Маҳалла фаол бўлса, бир муаммо ўртага олиб ҳал этилса, у ерда яшовчи бирор-бир кимса, нотўғри қадам ташлашга ҳадди сиғмайди.

Қолаверса ички маданият, деган тушунчалар бор. Хали-ҳамон орамизда шундай одамлар учраб турибдики, уларни “дунёни сув босса ўрдакка не ғам”, дегувчилар тоифасига киритиш мумкин. Ватанга даҳлдорлик туйғуси бегона бундай кимсалар, одамларга ёрдам бериш ўрнига нафақат уларга, балки бутун бир маҳаллага, керак бўлса, жамиятга зарар келтиришади.

Уйимдаги электр “прямой” линияга уланган, деб гердайиб юрувчи ёки текширувчиларга хушомад қилиб, “қистир-қистир” қилиб жўнатиб юборувчи бундай одамлар, ҳар доим тараққиёт кушандаси бўлиб келишган.

Ҳамма гап ўзимизда. Ҳуқуқларимизни тўла англаб етмаганимизда. 25 йилдан буён мустақилмиз, аммо нимадандир қўрқиб яшаймиз. Ўз конституцион ҳуқуқларини билиш, унга амал қилиш ва уни талаб этишнинг ҳеч бир қўрқинчли жиҳати йўқ ахир. Гапимиз якунида Жалолиддин Румийнинг бир гапини ёдга олишни лозим топдик: “Ақлли эдим дунёни ўзгартирмоқчи бўлдим, доно бўлдим ўзимни ўзгартиряпман”.

Келинг, ҳурматли фуқаро, ҳаммасини ўзимизни ўзгартиришдан бошлайлик!

 

Top