11:43 / 15.01.2017
15228

Фото: Сервер Жепаров «Истиқлол» билан шартнома тузди

Ўзбекистон терма жамоаси ва «Локомотив» клуби ярим ҳимоячиси Сервер Жепаров Эроннинг «Истиқлол»клуби аъзосига айланди

Футболчи 14 январь куни янги клубида тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтган. 

Жепаров «Истиқлол» клуби билан 1.5 йиллик шартнома имзолаган. Шартномага кўра футболчи эронликлар клубидаги фаолияти давомида мукофот пулларидан ташқари 500 минг доллар миқдорида маош олади.

Эрон Про Лигаси вакили «Истиқлол» 2015/16 йилги мавсумда чемпионатни 3-ўринда тугатган эди. Жорий мавсумда жамоа 16-турдан кейин 25 очко билан 16та жамоа орасида 5-поғонани эгаллаб турибди.

2008 ва 2011 йилларда Осиёнинг энг яхши футболчиси деб топилган Сервер Жепаровнинг сўнгги клуби Тошкентнинг «Локомотив» жамоаси бўлганди. У 2016 йилги мавсумда «темирйўлчилар»нинг барча мусобақалардаги 34 ўйинида майдонга тушиб, 8та гол уриб,«Локомотив» тарихда илк бор Ўзбекистон чемпиони бўлиши ҳамда мамлакат Кубоги соҳибига айланишига ҳисса қўшди.

Сервер Жепаров профессионал фаолияти давомида қуйидаги клубларда тўп сурган:
«Навбаҳор» — 2000–2001
«Пахтакор» — 2001–2007
«Бунёдкор» — 2007–2010
«Сеул» (Жанубий Корея) — 2010 (ижара)
«Сеул» (Жанубий Корея) — 2011
«Аш-Шабоб» (Саудия Арабистони) — 2011–2013
«Сеонгнам» (Жанубий Корея) — 2013–2014
«Ульсан Хёндаи» (Жанубий Корея) — 2015
«Локомотив» Тошкент — 2016

Маълумот учун, Жепаров «Сеул» клуби билан Жанубий Корея (2010) чемпионлиги ва Кубоги (2010), «Аш-Шабоб» 2012) билан Саудия Арабистони чемпионлигини қўлга киритган. Шунингдек, у Тошкентнинг уч клуби — «Пахтакор» (2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007), «Бунёдкор» (2008, 2009) ва «Локомотив» (2016) сафида Ўзбекистон чемпиони бўлишга эришган.

Ўзбекистонлик ярим ҳимоячи 2008 йилда Ўзбекистон чемпионати тўпурари, 2008 ва 2010 йилларда Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси бўлганди. 

Top