Light | 17:50 / 18.01.2017
11133
3 дақиқада ўқилади

Кам калорияли парҳез умрни узайтириши аниқланди

Фото: Rtve.es

Мадисондаги Висконсин университети ва Кексайиш муаммолари миллий институти (NIA) олимлари паст калорияли парҳез инсон ҳаётини узайтириши мумкинлигини аниқлашди. Мутахассислар маймунларда ўтказилган икки тадқиқотни таҳлил қилиб, ана шундай хулосага келишди. Gizmodo шу ҳақида маълумот берди. 

Таом калориясини чеклаш умрни узайтириб, кўп жониворларда (масалан, кемирувчиларда) ёшга доир касалликлар пайдо бўлиш хавфини камайтириши кўрсатилган, бироқ бунинг приматлар (Homo sapiens ҳам шуларга тегишли) қариш тезлигига қандай таъсир қилиши номаълумлигича қолаётганди. 1980-йиллар охирида кам калорияли парҳезнинг макака-резусларга (Macaca mulatta)таъсирига оид икки кенг кўламли тадқиқот ишга туширилди.

Бу маймунлар инсонларнинг кексайиш жараёнини ўрганишда модель организм ҳисобланади, зеро уларнинг геноми инсон геномига 93 фоиз тўғри келади. Бундан ташқари, макака-резусларнинг бир қатор анатомик, физиологик ва бошқа биологик хусусиятлари Homo sapiens'га ўхшаб кетади. 

Тадқиқотлардан бири 76 маймун иштирокида Висконсин университетида ўтказилди. Иккинчи тадқиқотда 121 маймун  Кексайиш муаммолари миллий институти бўлимларидан бирининг мутахассислари томонидан ўрганилди. Турли марказлардан олинган хулосалар қарама-қарши бўлиб чиқди. Шундай қилиб, биринчи тадқиқот натижалари калорияни чеклаш организм ҳолатини яхшилаб, жониворлар умрини узайтирганини кўрсатган. NIA'да эса  парҳезнинг жониворларга статистик аҳамиятли таъсири қайд этилмаган. 

Олимлар тадқиқотлар натижалари ўртасидаги фарқ сабабларини аниқлаш учун икки илмий иш давомида олинган маълумотларни қўшимча таҳлилдан ўтказишди. Маълум бўлишича, тадқиқотлар бир қатор кўрсаткичларга кўра, бир-биридан фарқ қилган. Масалан, NIA'да парҳезнинг ёш жониворларга таъсири ўрганилган, ҳолбуки калорияни чеклаш катта ва кекса ёшли маймунларга фойдалидир. Шунингдек озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида ҳам номувофиқликлар аниқланган. Висконсин университетидаги макака-резуслар қанд миқдори юқори бўлган озуқа билан боқилган, шу боис кам калория олган жониворлар назорат гуруҳидаги маймунларга нисбатан озғинқроқ бўлишган.

Тафовутларни инобатга олган ҳолда олимлар калорияларни меъёрий чеклаш приматларнинг умрини 30 фоизга узайтиради, деган хулосага келишган. Шунингдек уларда саратон ҳамда юрак-қон томир касалликларининг пайдо бўлиш хавфи камайиши таъкидланган.

Мавзуга оид