Ўзбекистон | 10:08 / 18.01.2017
52689
2 дақиқада ўқилади

Лавров: Ўзбекистон билан муносабатлар чуқурлашишига хайрихоҳмиз

Россия Ўзбекистон билан муносабатларни чуқурлаштиришнинг қўшимча имкониятлари ишга солинади деган фикрда. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров матбуот анжуманида шундай фикр билдирган. Унинг сўзлари Sputnik агентлиги томонидан келтирилган.

«Россия ва Ўзбекистон муносабатлари ҳақида гапирадиган бўлсак, бу стратегик шериклик муносабатларига айланганига анча бўлган. Ўзбекистон бир неча йил илгари Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти таркибидан чиқиб кетган бўлса-да, бизнинг икки томонлама иттифоқчилик муносабатларимиз халқаро-ҳуқуқий асосларда мустаҳкамлигича қолган. Биз Ўзбекистоннинг янги президенти, янги раҳбарияти мазкур муносабатларни давом эттиришни мақсад қилган деб ҳисоблаймиз ва биз буни хайрихоҳлик билан қабул қиламиз», — деган вазир.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштиришнинг қўшимча имкониятлари ҳар икки мамлакат халқлари манфаатлари учун хизмат қилади.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг вафотидан кейин Ўзбекистон раҳбарияти бир неча марта ташқи сиёсатда ўз тамойилларидан оғишмасдан давом этишини, ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга ва альянсларга қўшилмаслигини маълум қилди.

Мавзуга оид