17:56 / 25.01.2017
14310

Тошкентда деярли 128 миллион сўмлик маҳсулотлар ўғирлаган қоровул 8,5 йилга қамалди

Қурбон Баҳромов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2015 йил ноябрь ойидан буён Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги “Саида сервис” МЧЖга қарашли омборхонада қоровул вазифасида ишларди. Нима бўлди-ю, Қурбоннинг нияти бузилди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Нафсининг қулига айланган Қурбон Баҳромов ҳар сафар ўз навбатчилигида омборхона эшигининг қулфини бузиб, у ердан оз-оздан турли маҳсулотларни ўғирлаб чиқишни одатга айлантирди. Кунларнинг бирида маҳсулотлари мазкур омборхонада сақланаётган Рустам Раҳимов моллари камайиб қолганини сезади. Шундан сўнг у ҳар бир қоровулнинг навбатчилигини четдан кузатишни бошлади.

Ўтган йилнинг 27 июнь куни омборда Қ.Баҳромовнинг навбатчилиги эди. У шу куни ҳам омборхонага яширинча кириб, маҳсулотлар жойлаштирилган бир нечта коробкаларни олиб чиқиб кетади. Ушбу ҳолат Р.Раҳимовнинг эътиборидан четда қолмади ва бу ҳақда у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига хабар қилди.

Тергов ва суриштирув ишлари якунида омборхонада сақланаётган жами 127 миллион 96 минг сўмлик маҳсулотлар ўғирланганлиги маълум бўлади. Шунингдек, Қ.Баҳромов молларни сотиб, ўз эҳтиёжига ишлатиб юрганлиги ҳам фош этилди.

Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди Қурбон Баҳромовга 8 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. 

Top