17:10 / 27.01.2017
4781

Alibaba шўъбаси MoneyGram хизматини харид қилди

Хитойлик машҳур миллиардер тадбиркор Жек Манинг Alibaba Group компаниясининг молиявий шўъба корхонаси — Ant Financial — Американинг MoneyGram International Inc халқаро пул ўтказмалари хизматини харид қилишга келишиб олди. Битим қиймати 880 млн долларни ташкил этди, деб хабар қилмоқда Bloomberg агентлиги.

Хабарларга қараганда, Ant Financial MoneyGram хизматининг ҳар бир акцияси учун 13,25 доллардан нақд тўлайди. Америка компаниясининг акцияси 25 январь кунги савдоларда 11,88 доллардан сотилган. Шундай қилиб, қимматли қоғозларга қўшилган устама 11,5 фоизни ташкил этган.

MoneyGram битим амалга оширилгач, ўз бренди остида ишлашни давом эттиради ҳамда Далласдаги бош қароргоҳини сақлаб қолади. Компания тармоғи 200 мамлакатдаги 350 мингдан ортиқ бўлимни ўз ичига олади. MoneyGram тизимларида 2,4 млрд ҳисоб рақами рўйхатга олинган.

MoneyGram Ant Financial компаниясининг иккинчи йирик хариди ҳисобланади. 2016 йилда Ant Financial кўзни скан қила оладиган дастурий таъминот ишлаб чиқишга ихтисослашган EyeVerify Inc фирмасини харид қилган эди.

Ant Financial компанияси хизматидан Хитойнинг ўзида 450 млн киши фойдаланади. Ant Financial бозор қиймати 75 млрд доллар деб баҳоланади.

Top