Ўзбекистон | 20:43 / 03.02.2017
23875
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасига ташриф буюрди

Фото: ЎзА

Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни Ўзбекистон Президентнинг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари, Тошкент шаҳрида, шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарда Ўзбекистон Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасида ҳам фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилишига оид конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш учун барча қулайлик яратилган.

Қабулхонага кираверишда Шавкат Мирзиёевнинг «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир», деган сўзлари битилган.

Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва сақлаш учун замонавий шарт-шароитлар яратилган. Ходимлар, ёш болали оналар, ногиронлар ва фуқаролар учун барча жиҳатлар эътиборга олинган.

Шавкат Мирзиёев Халқ қабулхонаси фаолияти билан танишар экан, унинг ташкилий жиҳатларига юқори баҳо берди. Энди уни мазмунан бойитиш, ички маданиятини мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

"Тошкент шаҳрининг салоҳияти ҳам, аҳоли сони, одамларнинг талаби ҳам бошқа жойлардагидан юқори. Ишни шунга мувофиқ ташкил этиш керак. Бу маскан халқ манфаатларини таъминлайдиган, ишончини қозонадиган даргоҳ, адолат замини бўлсин", деди давлат раҳбари. 

Мавзуга оид