Жамият | 18:28 / 06.02.2017
31203
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда мудҳиш қотиллик: ака ўз укасини сим билан бўғиб ўлдирди

Минг афсуски, ноқобил фарзанд, нафақат ота-онага, балки кишининг етти пуштига етгулик иснод келтириши ҳам ҳеч гап эмас экан. Нажмиддин Эрназар ака ва Моҳия холанинг тўнғич ўғли бўлиб, ёши қирқдан ошган. Бироқ илгари судланган бу кимса оилавий ҳаётини ҳам тузук йўлга қўя олмади. Уч нафар фарзанди бўлса-да, оиласи билан ажрашди, тайинли ишнинг бошини тутмади, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Ўша куни у Хуршид билан арзимаган нарса устида жанжаллашди. Каттақўрғон тумани, Муллакичкина қишлоғида Нажмиддининг ҳали қуриб битказилмаган ер участкаси бор эди. У ердан қўйларга пичан ўриб қайтган Нажмиддин йўл-йўлакай ароқ ичиб олишга ҳам улгурди. Уйига келгач, овқатланаётган ота-онасининг ёнига ўтирди. Ҳовлида юрган укаси Хуршид акасининг аҳволини кўриб, ижирғанди ва танбеҳ берди. Кайфи тароқ Нажмиддин Хуршиднинг гапини кўтара олмади. Отасининг ҳай-ҳайлашига қарамасдан, ака-ука бир-бирина бўға бошлади. Уларни бир амаллаб ажратган ота гоҳ катта ўғлини, гоҳ кичигини бир гапдан қолишга ундади. Жиққа мушт бўлаётган ака-укаларга бу гаплар таъсир этмади.

Шундай бўлса-да, ота уларни зўрға ажратиб қўйди. Жанжалдан бироз вақт ўтгач, тун ярмидан оғиб, ҳовлига сукунат чўкди. Бироқ кўнгилга чўккан ғазаб, нафрат акага ҳам, укага ҳам тинчлик бермади. Онасининг тор қорнига сиққан ака укаси билан нафақат бир ҳовлига, балки кенг дунёга сиғмади. Хуллас, ота-онани ғафлатда қолдириб, Нажмиддин билан Хуршид яна муштлашишди. Бу сафар ичидан тошган нафратини жиловлай олмаган Нажмиддин укасини ҳолдан тойгунча уриб, камига сим билан бўйнидан бўғиб ўлдирди. Кейин эса ўз жигарининг жасадини совуққонлик билан олиб бориб, участкасига кўмиб келди.

Эртаси куни ким Хуршидни сўраса, “Уни кимлардир олиб кетди”, дея ёлғон тўқий бошлади. Ота-онасини эса “Агар Хуршидни сўрайверсак, бизни ҳам ўлдириб кетишармиш”, дея авради. Уйида сингилларига ҳам укасини қидирмасликни тайинлайверди. Бу ерда бир гап борлигини сезган оила аъзолари ИИБга хабар беришди, Нажмиддиннинг мудҳиш қотиллиги ошкор бўлди.

Газетанинг ёзишича, Нажмиддин Эшмирзаевга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга оид