18:54 / 11.02.2017
7593

Қирғизистон Boeing ҳалокатидан зарар учун товон пули юзасидан Туркия билан музокаралар олиб бормоқда

Қирғизистон ҳукумати турк томони билан Бишкек яқинидаги Boeing авиаҳалокатида жабрланганларга етказилган моддий ёрдамни қоплаб бериш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда мамлакат бош вазирининг биринчи ўринбосари Муҳамматқали Абулғозиев вазирлар маҳкамаси йиғилишида маълум қилди, деб хабар бермоқда қирғиз ҳукумати матбуот хизмати.

"Йиғилиш давомида таъкидланишича, авиаҳалокат оқибатида жабрланган 12 оила вақтинчалик турар-жойга жойлаштирилган", - дейилади хабарда. Бундан ташқари, ҳалок бўлган ва жабрланганларнинг оиласи учун маҳсус очилган банк рақамига 1,19 миллион долларлик ёрдам пуллари келиб тушган. 

Абулғозиевнинг таъкидлашича, ҳукумат "махсус ҳисоб рақамига келиб тушган пулларни мақсадли ишлатилишини таъминлайди". Унинг сўзларига кўра, ҳалокат туфайли уй-жойсиз қолган фуқароларни таъминлаш айни дамда "энг асосий масала бўлиб", вазирлар маҳкамаси "жаҳон амалиётида қабул қилинган нормалар даражасида товон пулларининг адолатли тўланиши юзасидан ҳаракат қилмоқда". 

Маълумот учун, Boeing 747-400 самолёти 16 январь куни Бишкекдаги “Манас” халқаро аэропортининг учиш-қўниш қисмидан 1,5 км узоқликда ҳалокатга учраган. Самолёт аэропорт яқинидаги қишлоқ устига тушди. Бунинг оқибатида 32та уй вайрон бўлди, 4 экипаж аъзоси ҳамда 35 нафар маҳаллий аҳоли вакили ҳалок бўлди. Ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари Давлатлараро авиация қўмитаси бошчилигидаги халқаро комиссия томонидан олиб борилмоқда. 

Top