Жамият | 08:17 / 16.02.2017
17114
2 дақиқада ўқилади

Черчиллнинг ўзга сайёраликлар хусусидаги қайдномалари топилди

Фото: Post/Getty

АҚШда Буюк Британиянинг собиқ бош вазири ва сиёсатчи Уинстон Черчиллнинг Коинот, бошқа юлдузлар атрофидаги сайёралар ва улардаги эҳтимолий ҳаёт хусусида фикрлари топилди. Мақола 2016 йили Исроил астрофизиги, фан ва математикани оммалаштириш бўйича қатор ишлар муаллифи Марио Ливио томонидан аниқланган. Ҳужжатни унга АҚШнинг Фултон шаҳридаги Уинстон Черчилль музейи директори берган. 

Черчиллнинг 11 саҳифали мақоласи 1939 йилда ёзилган бўлиб, газетада эълон қилишга мўлжалланган, деб уқдиради астрофизик. Ливио сиёсатчининг мақоласидан кўчирмаларни Nature журналида чоп этди.

Сиёсатчининг таъкидлашича, ҳаётнинг асосий жиҳатларидан бири кўпайишдир, шу билан бирга сув унда муҳим ўрин тутади. У, шунингдек, бугунги кунда бошқа юлдузлар яқинидаги «яшаш ҳудуди» номи билан яхши маълум бўлган тушунча ҳақида фикр юритган. 

«Бугун, кўплаб сиёсатчилар фан билан шуғулланишни ўзларига эп кўрмаётган бир вақтда, бу мақола илм-фанга муккасидан кетган етакчини ёдга олишга асос бўлади», — деб ҳикоя қилади Марио Ливио. 

Сэр Уинстон Леонард Спенсер-Черчилль 1874-1965 йилларда яшаган. Буюк Британия давлат ва сиёсат арбоби. 1940-1945 ва 1951-1955 йилларда бош вазири. Ҳарбий, журналист, ёзувчи, Британия академиясининг фахрий аъзоси. Адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори. 

Черчилль 1946 йил 5 мартда АҚШнинг Миссури штати Фултон шаҳридаги Вестминстер коллежида қилган машҳур Фултон маърузаси «совуқ уруш» даврининг дебочаси ҳисобланади.

Мавзуга оид