08:21 / 21.02.2017
11138

NASA олимлари ғайриоддий ҳаёт шаклларини аниқлашди

Фото: PENELOPE J BOSTON/PA

NASA астробиология институти мутахассислари улкан кристаллар ичида қолиб кетган тирик организмларни аниқлашди. Бу эса бошқа сайёралар ёки уларнинг йўлдошларида ҳаёт мавжуд бўлишига умид уйғотади, деб ёзмоқда The Telegraph нашри.

Институт раҳбари Пенелопа Бостон бошчилигидаги олимлар жамоаси Мексиканинг Чиуауа штатидаги Найка шаҳри яқинида жойлашган ғорлардаги селенитнинг улкан кристалларини тадқиқ қилишди. Улар магматик чўнтак устида жойлашган бўлиб, бу ерда ҳарорат Цельсий бўйича 60 градусни ташкил қилади. Ғорда кислород миқдори жуда паст, намлик даражаси ва ишқорлик жуда юқори.  

Кристаллар ичида вируслар, архейлар ва бактерияларнинг 100 дан кўпроқ штаммлари аниқланган.

Улар геолатент ҳолатда – яшашга қобил бўлганлар, бироқ ҳеч қандай фаоллик намоён қилмаганлар. Айтиш жоизки, ғордаги энг катта кристалл вазни 55 тонна, узунлиги 11 метр ва эни 4 метрни ташкил қилади.   

Олимлар топилган ҳаёт шаклларини фанга маълум намуналар билан таққослаб, улар орасида фарқ 10 фоиз эканлиги ҳақида хулосага келишди. Селенит кристаллари ичида қолиб кетган тирик организмлар шундай ҳолатда 60 минг йилгача бўлганлар.

Мутахассислар бактерия, вирус ва архейлар тирик қолиш учун мис оксиди, марганец, сульфидлар ва темирдан фойдаланганини аниқлашди. Бу моддаларни қайта ишлаш уларни энергия билан таъминлаган.  

Мутахассисларнинг айтишича, Сатурн ва Юпитернинг муз ойларида, Европа (Юпитер йўлдоши), Марс йўлдошларида ҳамда коинотнинг қолган қисмларида бундай шароитлар мавжуд бўлиши мумкин. Шу сабабли, у ерларда бундай антиқа ҳаёт шакллари мавжуд бўлиши мумкин.  

Top