08:55 / 01.03.2018
13286

Коинотга учирилган Tesla машинаси Марсдаги ҳаётни йўқ қилиши мумкинлиги айтилди

Фото: РИА Новости / SpaceX Flickr

SpaceX компанияси томонидан коинотга учирилган Tesla Rodster машинаси Марс билан тўқнашадиган бўлса, Қизил сайёранинг биологик ҳаётига хавф солиши мумкин. Гап шундаки, у ўзи билан олисдаги сайёрага Ердаги бактерияларни олиб кириши мумкин. Бундан АҚШнинг Пердью университети олимлари огоҳлантиришмоқда.

Баёнотда эслатилишича, НАСА Ердаги бактерияларни бошқа сайёраларга тушиши хавфини яхши англайди ва шу сабабли Ой ёки Марсга юборилувчи коинот қурилмалари қайта ишловдан ўтиб, стерил ҳолатгача келтирилади. Бироқ олимларнинг фикрича, Tesla машинаси бундай ишловдан ўтмаган.

“Агар Марсда биологик ҳаёт мавжуд бўлса, у Ердаги организмлар билан қўшилиб кетиши хавфи бор. Ер вакиллари Марсда мослашиб, уни забт этсалар, биз Марсда қандай биосфера бўлганини била олмаймизми? Ёки улар Марсдаги организмлардан заифроқ бўлиб чиқадиларми? Биз буларни билмаймиз”, деб айтган университетнинг сайёраларни тадқиқ қилиш билан шуғулланувчи мутахассиси профессор Жей Мелош.

Олимларнинг эслатишича, экстремал ҳароратлар, паст босим ва радиация коинот ҳудудини тирик организмлар учун номақбул жойга айлантиради. Бироқ бу шароитлар уларни ҳар доим ҳам ўлдирмайди – баъзи бактериялар вакуумда уйқуга кетиб, мос шароитларга тушмагунларигача шундай ҳолатда қолади.

Аввалроқ олимлар “Тесла” Қизил сайёрага шу йилдаёқ яқинлашишини кўрсатгандилар.

Top