17:13 / 02.03.2017
4236

Yahoo президенти хакерлар сабаб йирик мукофот пулидан маҳрум бўлди

Yahoo компаниясининг президенти ва ижрочи директори Марисса Майер 2 миллион долларлик мукофот пулидан маҳрум бўлди. Бунга хакерларнинг интернет-фойдаланувчилар аккаунтларини бузиб кирганликлари сабаб бўлган. Бу ҳақида AP нашри компаниянинг ички терговига оид ҳисоботига асосланиб хабар берди. 

Компаниянинг директорлар кенгаши 2014 йилда раҳбарият фойдаланувчиларни уларнинг аккаунтлари бузиб кирилганидан бохабар қилмагани учун шундай қарор қабул қилди. Манбага кўра, хакерлар 1 миллиарддан ортиқ фойдаланувчининг шахсий маълумотига бузиб киришган. Компания мазкур можаро туфайли 350 миллион доллар йўқотди. 

Тергов давомида компаниянинг бош ҳуқуқий маслаҳатчиси Рональд Белл ўз вақтида чора кўрмагани учун пулли компенсациясиз ишдан бўшатилган. Yahoo'нинг хавфсизлик хизмати раҳбари Алекс Стамос компанияни 2015 йилда тарк этган. 

Американинг Yahoo компаниясига 1994 йилда асос солинган. Компаниянинг қидирув тизими дунёдаги энг машҳур қидирув тизимларидан бири ҳисобланади. 

 

Top